Ўта йирик миқдорда талон-торож қилишда айбланаётган ўзбекистонлик Россиядан экстрадиция қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон фуқароси, ўта йирик миқдорда ўзлаштириш ёки талон-торож қилишда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган шахс Москвадаги Внуково аэропортида қўлга олинди ва ватанга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда 15 май куни Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, айбланувчи шахс хусусий компания раҳбари сифатида пахта етиштиришни баҳона қилиб банкдан тахминан 9 миллион доллар миқдорида кредит олган. Бироқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан 20 миллион доллар атрофида фойда олган бўлса-да, қарзни қайтармаган ва мамлакатни тарк этиб, чет элга қочган.
Ўзбекистон Интерполи миллий бюроси томонидан айбланувчининг Россияга етиб келиш эҳтимоли ҳақидаги маълумотдан сўнг, у самолёт қўниши биланоқ Внуково аэропортида қўлга олинди.
Шу куниёқ у Ўзбекистонга экстрадиция қилинди ва Тошкентдаги аэропортда маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.