Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 25/07/2016 Ўсимлик дунёси жамоатчилик муҳофазасида бўлсин
Ўсимлик дунёси жамоатчилик муҳофазасида бўлсин
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Парламент қуйи палатасида “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида сиёсий партиялар фракциялари ўртасида позицион тортишувлар ва баҳс-мунозаралар кузатилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси қўмиталар, сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракат депутатлик гуруҳи йиғилишларида ҳамда Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда муҳокама этилиб, концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Хусусан, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси дахлсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини сақлаш партиямиз сайловолди дастурининг асосий йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, ушбу ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида фракциямиз партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасининг иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, биологик ресурслардан фойдаланиш тартиби ва принципларини соддалаштириш, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши учун жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини оширишни назарда тутувчи нормаларга алоҳида эътибор қаратади.

Қонун лойиҳасига ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишнинг аниқ йўлларини ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимликларни сақлаб қолишга доир талабларни белгилаш, шунингдек, ўсимлик дунёсидан оқилона фойдаланишга ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишдаги иштироки тўғрисидаги нормаларни киритиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, аҳолининг экологик маданиятини оширишга, шунингдек, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш борасидаги фаолиятда жамоатчиликнинг иштироки кучайишига ҳамда мазкур соҳада адолат тамойилини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, 2012-2015 йиллар давомида биологик ресурсларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун 26,3 минг нафардан ортиқ шахслар, шундан 66 фоизи ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун талабларини бузганлик учун жавобгарликка тортилиб, жарималар миқдори 1,1 миллиард сўмни, етказилган зарарни қоплаш бўйича даъволар суммаси 4,025 миллиард сўмни ташкил қилган. Демак, қонунни қўллаш амалиётининг ҳолати, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги бузилиши натижасида республика флорасига етказилаётган зарар қўлланилаётган маъмурий чораларга нисбатан маълум даражада юқорилигидан ва бу амалдаги жазо чораларининг таъсирчанлиги етарли эмаслигидан далолат бермоқда.

Шундан келиб чиқиб, ушбу қонун қабул қилиниши муносабати билан биз фуқароларда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишга доир масъулиятни янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жавобгарликни кенгайтириш ва кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Мухтасар қилиб айтганда, ўсимлик оламига етказилган ҳар қандай жафо бежазо қолмаслиги, жазо эса бесамар бўлмаслиги шарт.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасининг 3-моддаси асосий тушунчалар қисмида ўсимлик дунёси объектлари белгиланган бўлиб, ушбу объектлар рўйхатига ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг алоҳида турлари (дарахтлар, буталар ва ўтсимон уруғлайдиган ўсимликлар, қирққулоқсимонлар, йўсинсимонлар, сувўтлар, лишайниклар ва замбуруғлар), шунингдек, уларнинг ҳаёт фаолияти маҳсулотлари ботаника коллекциялари киритилмоқда. Бизнингча, ушбу рўйхатга сув, темир йўл, автомагистрал йўллар муҳофаза зоналаридаги ва корхона, ташкилотлар атрофида ўсувчи дов-дарахтлар, маҳаллий ўсимликларни ҳам киритиш ҳамда уларнинг муҳофазасини мустаҳкамлаш зарур.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг 21-моддаси 2-қисмида камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимлик турларини, уларнинг ҳаёт фаолияти маҳсулотларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома асосида йўл қўйилиши белгилаб қўйилмоқда.

Бизнинг фикримизча, бундай турдаги ўсимлик ёки уларнинг уруғларини республикамиз ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқишни алоҳида-алоҳида нормаларда белгилаш зарур. Чунки ўсимликларни олиб киришнинг ўзига хос талаблари, шунингдек, олиб чиқишнинг ундан ҳам кўпроқ талаблари бўлиши шарт. Бунинг учун биз Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсатнома беришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида кўриб чиқилиб, тасдиқланган тегишли хулосага ҳам асосланиш лозимлигини киритиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Чунки, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ўсимликлари, уни чуқурроқ биладиган одамлари бор. Ана шундай одамлар ёки уларнинг вакиллари айнан маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасидадир. Шу нуқтаи назардан, масала халқ депутатлари маҳаллий (вилоят ва унга тенглаштирилган) Кенгашларида муҳокама қилинса, ўсимлик оламидан фойдаланишда адолатлилик таъминланади. Депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимлик турларини тасарруф этишда очиқлик ва ошкораликка эришилади. Бу, ўз навбатида, ишончли ва холис хулоса чиқариш учун хизмат қилади.

Бу ерда гап нафақат муайян ўсимлик турини хорижга олиб чиқишга хулоса бериш ҳақида, балки уни ердан турли усулларда олиш (эксплуатация қилиш) технологиясига риоя қилишни таъминлашга қаратилган. Бинобарин, бундай технологияга риоя қилмаслик ва унинг биологик ҳолатига ножўя таъсир кўрсатиш оқибатида ноёб ўсимликларнинг йўқолиб кетиш хавфи кучайиб бормоқда ва бу ҳолат кенг жамоатчиликни хавотирга солмоқда. Буни биргина шифобахш коврак (ферула) ўсимлиги мисолида кўрадиган бўлсак, уни илдизи билан қўпориб олиш ҳолатлари кенг кузатилмоқда. Ваҳоланки, ундан фойдаланишда илдиз пояси сақлаб қолиш, жойида турган илдизини тилиб керакли шираси олингач, яна у уч йил давомида ўз ҳолига келиши учун кўмиб қўйиш зарур. Акс ҳолда ўсимликнинг қирилиб кетишига сабаб бўлади. Бу каби нозик муносабат талаб қиладиган ноёб ўсимликлар эса мамлакатимизда талайгина. Зеро, Ўзбекистонда ўсадиган ҳар қандай ўсимлик умумхалқ мулки бўлиб, давлат муҳофазасидадир.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг 31-моддаси 3-қисмида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимлик турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши ҳақидаги нормада айнан ким масъул бўлиш масаласи очиқ қолган. Ушбу бўшлиқни тўлдириш учун мазкур нормада келтирилган рўйхат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва халқ депутатлари маҳаллий (вилоят ва унга тенглаштирилган) Кенгашларида тасдиқланган хулоса асосида белгиланишини назарда тутиш зарур, деган фикрдамиз. Бу таклифдан кўзланган мақсад ҳам шундай ўсимликлар билан ёнма-ён яшаётган одамларнинг ҳаётий тажрибасига таянишни, бу борада ҳам жамоатчилик назоратини кучайтиришни таъминлашга қаратилган.

Қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан амалдаги қонуннинг 32-моддасини табиий омиллар ёки ўсимлик зараркунандалари, касалликлари таъсирида кучли зарарланиб қуриётган ёки қуриб қолган, шунингдек, инсон ҳаётига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкига хавф солаётган дарахт ва буталарни кесиш табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра махсус рухсатномасиз ва тўловсиз амалга оширилишига оид норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Бироқ, “демократик кучлар блоки” аъзоларининг ушбу таклифи бу борада амалиётда юзага келаётган муаммоларга ечим бўла олмайди. Сайловчилар билан яқинда бўлиб ўтган учрашувларда ўсувчанлигини юз фоиз йўқотган (қуриган) дарахтларни кесиш учун табиатни муҳофаза қилиш органлари хулоса берсада, маҳаллий ҳокимиятлардан қарор олиш қийин кечаётганлиги муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасининг ушбу нормасидан “маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори” жумласини олиб ташлашни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Қолаверса, қонун лойиҳасининг 45-моддасида ўсимлик дунёси объектларини кузатиб бориш, уларнинг ҳолати тўғрисида маълумот тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил этиш Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги ягона тизими бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши ҳаволаки шаклда берилган.

Бизнинг фикримизча, қонун лойиҳасининг ўзида ушбу масалага аниқлик киритган ҳолда бундай мониторинг тузилиши, мазмуни ва уни амалга ошириш тартиби Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилишини белгилаб қўйиш керак. Ушбу норманинг киритилиши билан қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 28-моддасига мувофиқлаштирилади.

Ўз навбатида, қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари доирасига давлат ўрмон фонди ерларида ўсимлик дунёси объектларини кузатиб бориш, уларнинг ҳолати тўғрисида маълумотларни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил этишни назарда тутувчи норма киритиш зарурияти мавжуд.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, табиатнинг бир бўлаги сифатида инсоният ва наботот бир-биридан ажралмас тушунча. Инсон ҳаётини яшил оламсиз тасаввур қилиш қийин. Шу боис, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси юқорида билдирилган таклифлар асосида қайта кўриб чиқилиши унинг мукаммал бўлишига, таъсирчанлиги ва самарадорлигининг ошишига, атроф табиий муҳитга ва ўсимлик дунёсига нисбатан эҳтиёткорона муносабатни кучайтиришга хизмат қилади.

Чунончи, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш экологик хавфсизлик, аҳоли саломатлиги, табиий экотизимлар сақланиб қолинишида долзарб ҳисобланади. Бу эса ҳар биримиздан мазкур масалага масъулият билан ёндашишни, табиат инъом этган жамики неъматларни авайлаб-асрашни, қадрлашни талаб этади. Ҳар биримиз она Ватанимиз — жаннатмакон Ўзбекистон билан, унинг гўзал ва бетакрор табиати билан ғурурланиб, ўз конституциявий фуқаролик бурчимизни англаб, инсоний фазилатларимизни намоён этиб, табиатга, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлсак ва уни авайлаб-асраш чораларини кўрсак, у ҳам бизни ўз неъматлари билан, албатта, сийлайди.

Даврон ТАНГИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси,
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг