Дунё бўйлаб коронавируснинг «омикрон» штамми тез суръатда тарқалмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, янги мутация аллақачон жаҳоннинг 126 та мамлакатида қайд этилган. Айниқса, куни кеча Қозоғистонда ушбу штаммни юқтирган илк беморлар рўйхатга олингани хавотирли ҳолдир.
ССВ Матбуот хизмати Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат АТАБЕКОВнинг бу борадаги фикр ва хулосаларини ёзиб олди.
- Дарҳақиқат, сўнгги кунларда дунё бўйлаб ушбу мутациянинг тарқалиш географияси шиддат билан кенгайиб бормоқда, — дейди Н.АТАБЕКОВ. — Шуни инобатга олсак, янги штаммнинг юртимизга кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас. Бироқ бу ҳолатдан фойдаланиб, ижтимоий тармоқлар орқали турли ёлғон ва асоссиз ахборот тарқатиш, аҳоли орасида ортиқча ваҳима кўтариш, ўйлайманки, ҳеч бир мезонга тўғри келмайди.
Биламизки, шу пайтгача, юртимизда коронавируснинг бир неча тури қайд этилган ва касалланиш кўрсаткичлари йилнинг маълум даврида кўтарилиб, қайсидир пайтда пасайиб борган.
«Омикрон» дан соғайиш муддати қисқа ва касалланганларда шифохоналарга ётиш эҳтимоли паст эканлигини инобатга олсак, Ўзбекистон вируснинг кўтарилиш хавфига тайёр, дейишга асосларимиз етарли. Негаки, давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳамда Республика махсус комиссиясининг бевосита кузатувида юртимизда коронавирус пандемиясини жиловлаш борасида амалга оширилган ишлар бунга мисол бўла олади.
Бироқ ортиқча хотиржамликка берилиш ҳам ярамайди. Сабаби «омикрон» бошқа штаммларга қараганда анчагина юқумли ва қисқа муддатда аҳолининг катта қисмини зарарлаши мумкин. Шу боис айни пайтда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, эмлаш тадбирларида фаол иштирок этиш ҳар қачонгидан-да муҳим.