Ушбу ташриф чоғида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Улуғбек Розукулов ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зоир Мирзаев билан учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар савдо ҳажмини ошириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини марказлаштирилган ҳолда тизимли равишда етказиб бериш масалаларини муҳокама қилишди.
Бугунги кунда «Ўзагроэкспорт» АЖ ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси томонидан мева ва сабзавотларни етказиб бериш бўйича Сибирь Федерал округидаги йирик чакана савдо тармоқларидан бири «Холидей» билан шартнома имзоланган. Бундан ташқари, сибирлик ҳамкорлар билан «Узагроэкспорт-Сибирь» савдо уйи ҳам очилган.
Музокаралар якунига кўра, ушбу савдо уйи орқали Россиянинг Сибирь Федерал округига 2017-2019 йилларда йил мобайнида мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича келишувлар имзоланди.
Бундан ташқари, Россия делегацияси «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компаниясида амалий учрашув ҳам ўтказишди. Музокаралар чоғида экспорт шартномаларини тайёрлаш ва логистика жараёнини оптималлаштириш масалалари муҳокама этилди.
Новосибирск вилояти губернатори В.Ф.Городецкий «Gold Dried Fruits» комплексига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда у мева ва сабзавотларнинг қайта ишланиши, қуритилиши, шокли музлатилиши, сақланиш ва юкланиш жараёни билан танишди.
Россия делегацияси вакиллари мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича Давлат дастурининг улкан натижаларини қайд этди.