Аммо яратилган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиш ўрнига, солиқларни тўламаслик мақсадида ноқонуний савдо ва ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келаётган “уддабурон шахслар” ҳам учрамоқда.
Тошкент вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган шахсларни аниқлаш юзасидан вилоят ҳудудида ўтказилган назорат тадбирларида жами 187,7 млн. сўмлик товарларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди.
Аниқ мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, Тошкент туманидаги Учқаҳрамон савдо мажмуаси ҳудудида ўтказилган назорат тадбирларида 11А/Б-сонли дўконда Сурхондарё вилояти, Узун туманида доимий рўйхатда турувчи фуқаро Т. Холмўминов (исми, шарифи ўзгартирилган) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 11 турдаги умумий қиймати 54,4 млн. сўмлик 951 дона эркаклар кийими ва пойабзалини ноқонуний равишда сотаётганлиги аниқланди ва унга нисбатан тегишли чора қўлланилди.
Эътиборли жиҳати, мазкур ҳолатда Учқаҳрамон савдо мажмуаси раҳбарияти Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сонли қарори талабларига зид равишда давлат рўйхатидан ўтмаган фуқарога ноқонуний равишда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун шароит яратиб бергани ачинарли ҳол, албатта.
Солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан савдо, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳасига оид қонунбузарликларнинг олдини олиш, соғлом рақобатни шакллантириш мақсадида Янгийўл шаҳрида ўтказилган назорат тадбирларида Самарқанд кўчаси 1-уйда жойлашган савдо дўконида фуқаро Н.Аҳмаджонова (исми, шарифи ўзгартирилган) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди. Ушбу фуқародан ноқонуний равишда савдога қўйилган умумий қиймати 23,8 млн. сўмлик озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.
Шунингдек, Зангиота тумани Хонобод ҚФЙ, Тошкент маҳалласида жойлашган хонадонда фуқаро Б.Каримов (исми, шарифи ўзгартирилган) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний равишда тикув цехини ташкил этиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди. Бу фуқародан ҳам умумий қиймати 77,2 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.
Ушбу манзилда фуқаро Д.Муродов (исми, шарифи ўзгартирилган) хам белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний равишда тикув цехини ташкил қилган. Шу боис ундан умумий қиймати 16,8 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилаётган назорат тадбирларидан кўзланган мақсад, кимнидур жазолаш эмас, аксинча тадбиркорлик фаолиятини қонуний йўлга қўйишга кўмаклашиш орқали солиқ муносабатларини тартибга солишдан иборат.
Мазкур турдаги назорат тадбирлари доимий равишда давом эттирилади.
Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими.