2022 йил 16-17 февраль кунлари Ногиронлик муаммолари бўйича иккинчи Глобал саммит (GDS22) бўлиб ўтди. Ушбу халқаро анжуман Норвегия ва Гана ҳукуматлари ҳамда Ногиронлик муаммолари бўйича халқаро альянс (IDA) томонидан онлайн шаклда ташкил этилди.
Глобал саммитда БМТ ва унинг минтақалардаги муассасалари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат бошлиқлари ва ҳукумат раҳбарлари, алоқадор вазирлик ва ташкилотлар мутасаддилари, хусусий сектор вакиллари ва фуқаролик жамияти фаоллари – жами 4 мингдан зиёд вакил иштирок этди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилишнинг бир қатор устувор йўналишларини илгари сурди. Хусусан, Бош котибнинг фикрича, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамма жойда ҳар қандай имкониятлардан тенг фойдалана олишига шароит яратиш учун инвестициялар зарур. Бу эса катта миқдордаги молиялаштиришни тақозо этади.
Саммитни Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре очар экан, мазкур халқаро анжуман бутун дунёдаги имконияти чекланган инсонлар ҳаётини яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларимизни фаоллаштиришга йўл очишини таъкидлади. Зеро, бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этмоқда. Коронавирус пандемияси ана шу инсонлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги нотенгликни кучайтирмоқда.
Гана Республикаси Президенти Нана Акуфо-Аддо бундай нотенглик пандемия туфайли мамлакатлар ичкарисида айниқса кучайганига эътиборни қаратди. Бу вазият, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга коронавирус билан боғлиқ ҳолатларда тиббий, ижтимоий ва молиявий хизматлар етарлича кўрсатилмаётгани мисолида кўзга ташланмоқда.
Ногиронлик муаммолари бўйича иккинчи Глобал саммитда сўзга чиқан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов қайд этганидек, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 2021 йил 7 июнда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилингани ушбу соҳада самарали ислоҳотларни давом эттиришнинг ёрқин намунаси бўлди. 2020 йилда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун мазкур Конвенциянинг асосий қоидаларини амалга оширишга қаратилган.
Ўз навбатида, мамлакатимизда Конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди. Бу лойиҳа Ўзбекистон Ҳукумати томонидан фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий шериклар билан яқин ҳамкорликда тайёрланди.
Ўзбекистон Республикаси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси ҳисобланади. Шу маънода, мамлакатимиз Конвенцияни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этиш бўйича мазкур Миллий ҳаракатлар режасини тасдиқлашни зиммасига олади. Кейинги, яъни 2023 йилда Ўзбекистон БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг бажарилиши бўйича дастлабки ҳисоботини тегишли тартибда тақдим этади.
Глобал саммитда 20 нафар олий даражадаги спикер иштирок этди ва сўзга чиқди.
Халқаро анжуманда таъкидланганидек, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ижросини таъминлаш ва унинг бажарилишини мунтазам мониторинг қилиб бориш жуда муҳим. Шундагина имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш масаласи инсониятнинг барқарор ва фаровон жамият барпо этиш борасидаги глобал фаолиятининг диққат марказида туришига эришамиз.