Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 17/06/2016 Ногиронларни касбий реабилитациянинг долзарб муаммолари муҳокама этилди
Ногиронларни касбий реабилитациянинг долзарб муаммолари муҳокама этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳрининг “Пойтахт” бизнес марказида “Ногиронларни оқилона ишга жойлаштириш ва касбий реабилитациянинг долзарб муаммолари” мавзусига бағишлаб навбатдаги ўқув-услубий семинар ўтказилди. Семинар йиғилиши Республика Тиббий-ижтимоий экспертиза инспексияси томонидан БМТнинг тараққиёт дастури кўмагида ташкил этилди.

Ушбу семинар, 2014 йилдан буён Инспекция томонидан Ногиронларнинг ижтимоий муҳофазаси ва реабилитациясига бағишлаб ўтказиб келинаётган бир қатор семинарларнинг мантиқий давоми бўлди.

Семинар мобайнида республиканинг барча ҳудудларидан тиббий-меҳнат экспертиза хизмати мутахассислари, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги Давлат санитария эпидемиология назорати Маркази, Санитария, гигиена ва Касб касалликлари институти, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг “Врачлик-меҳнат экспертизаси” кафедраси, Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти вакиллари иштирок этишди.

Семинарнинг асосий мақсади – ногиронларнинг касбий–меҳнат реабилитацияси, шу билан бирга ногиронларни оқилона ишга жойлаштириш учун меҳнат тавсиялари бериш мобайнида юзага келаётган муаммоларнинг ечимини топишнинг аниқ йўлларини белгилаб олишдан иборат бўлди.

Семинар мобайнида, замонавий технологияларнинг кун сайин ривожланиб бораётгани, ишлаб чиқариш такомиллашиб, замонавий меҳнат бозори ва хусусий тадбиркорлик ривожланиб бораётган бир пайтда, ТМЭК врач–экспертлари томонидан ногиронларнинг меҳнат фаолияти билан шуғулланиш лаёқатини чекланиш даражасини аниқлаш ҳамда уларга меҳнат тавсиялар бериш жараёнида маълум бир қийинчиликка дуч келаётгани алоҳида қайд этиб ўтилди. Шу сабабли бугунги кунда, ногироннинг меҳнат қилиш лаёқатини аниқлаш (ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланиш лаёқатини чекланиш даражасини аниқлаш) мезонларини ишлаб чиқиш биринчи галдаги вазифа ҳисобланади.

Шунингдек, ногиронларни аниқ йўналтирилган ҳолда оқилона ишга жойлаштириш масаласи кенг кўламда кўриб чиқилди.

Ногиронларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш муҳимлиги уқтириб ўтилди.

Семинар иштирокчилари томонидан Касбий реабилитация босқичини амалга ошириш учун масъул бўлган, бажарувчи–ташкилотлар ўртасида кооперацияни етишмаслиги, яъни айнан Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари ва бандликка кўмаклашиш Марказлари, иш берувчилар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг етишмаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек, Касбий реабилитациянинг асосий йўналишларини ишлаб-чиқишда ногироннинг ёшини, билим даражасини, ногиронлик гуруҳини ва бошқа мезонларни ҳисобга олиб, табақаларга ажратган ҳолда ёндашиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Иштирокчилар, семинар мобайнида Тиббий-меҳнат экспертиза хизмати билан БМТнинг тараққиёт дастури ўзаро ҳамкорликда, яъни ногирон учун реабилитациянинг якка тартибдаги дастури (РЯТД)ни ишлаб чиқиш ва бажарилиши сифатини келгусида янада ошириш борасида олиб борилаётган ишларининг асосий жиҳатлари билан танишдилар. Бунинг натижасида РЯТДни тўлдириш ва бажариш юзасидан услубий кўрсатмалар тайёрлаш, шу билан бирга келгусида РЯТД шакли(формаси)ни такомиллаштириш юзасидан тавсиялари ишлаб-чиқилиши режалаштирилмоқда.

Семинар қатнашчилари кўтарилган масалалар ва муаммолар юзасидан ҳамда уларни бартараф этиш борасида таклиф этилаётган чоралар муҳокамасида фаол иштирок этишди.

Семинар якунида барча манфаатдор вазирликлар ва идоралар ногиронларни оқилона ишга жойлаштиришни таъминлаш борасида келгусида ўзаро келишган ҳолда, ҳамкорликда чоралар кўриш юзасидан асосий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг