NAZAR MEDICAL клиникаси лицензиясиз болаларга стоматологик хизмат кўрсатди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда болаларга лицензиясиз стоматологик хизмат кўрсатган клиника аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Рақобат қўмитасига фуқаро Ш.Г. фарзандлари ва аёлини “NAZAR MEDICAL” МЧЖга тишларини даволатишга боргани ва бир неча куни муолажа қилингани, бироқ хизмат сифатсиз кўрсатилганлиги натижасида пломбалари тушиб кетганлиги сабабли тўланган пул маблағларини қайтариш ва чора кўришни сўраб мурожаат қилган.
Мазкур мурожаати “NAZAR MEDICAL” МЧЖни жалб этган ҳолда ўрганилганда корхона томонидан истеъмолчига хизмат кўрсатилганлиги, хизматлар эса амалдаги талабларга мувофиқ бажарилганлиги маълум қилинган.
Бундан ташқари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ваколатли орган Соғлиқни сақлаш вазирлигини жалб этиган ҳолда ўрганишлар давом эттирилганда, вазирлик томонидан болалар терапевтик стоматологияси ихтисослиги бўйича тиббий фаолиятга лицензия берилмаганлиги аниқланган.
Шунингдек, клиника томонидан фуқаронинг фарзанди тегишли тиббий хужжатлар тақдим этилмаганлиги шунингдек, беморга кўрсатилган стоматологик тиббий хизмат даволаш клиник протоколларга мос равишда амалга оширилмаганлиги ҳақида эксперт хулосаси берилган.
Шундан сўнг, тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда лицензия талаблари бўйича чора кўриш учун ваколатли органга юборилиб, “NAZAR MEDICAL” МЧЖга нисбатан аниқланган лицензия талаб ва шартларининг бузилиши билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш ҳамда амалга оширилган ишлар бўйича малумот тақдим этилиши бўйича қарор чиқарилган.
Фуқаролардан тиббий хизматлардан фойдаланишда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида кўрсатилаётган хизматни соҳаси бўйича лицензиясини мавжудлиги, ходимларни малака талабларига мувофиқлигини сўраб, сўнг ундан фойдаланишларини, истеъмолчиларга тиббий хизматларни кўрсатаётган клиникаларга эса лицензиялар талабларига қатъий амал қилишлари сўралади.