"Навоийуран" ДУКнинг ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 трлн сўмга етди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — "Навоийуран" давлат унитар корхонаси 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ишлаб чиқариш-иқтисодий фаолияти якунларини эълон қилди. Унга кўра, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 трлн сўмни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоизга кўп.
Корхонада таъкидланишича, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва харажатларни камайтириш орқали маҳсулот таннархини 211,2 миллиард сўмга пасайтиришга эришилган.
Корхонанинг инвестициявий фаолияти ҳам ижобий суръатда давом этмоқда — 2025 йил январь-июнь ойларида 56,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 35,7 фоизга кўп.
Ҳисобот даврида давлат бюджетига 2,4 трлн сўм миқдорида солиқ ва мажбурий тўловлар тўланган.
Локаллаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми олти ойда 60 миллиард сўмга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 82,5 фоизга кўп.