Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Иқтисод 10/11/2016 Навоий ЭИЗда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар бериш илгари сурилди
Навоий ЭИЗда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар бериш илгари сурилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 9-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратовнинг Навоий вилоятида сайловчилар ва кенг жамоатчилик билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда турли соҳалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Учрашув Навоий вилоятининг барча туман ва шаҳарларидаги сайловчилари билан онлайн видеоконференция орқали мулоқот тарзида давом этди.

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили Анора Бобомуродова иштирокчиларни Сарвар Отамуратовнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан сўнг Президентликка номзод Сарвар Отамуратов сўзга чиқиб, сайловолди Дастурида белгиланган устувор вазифалар юзасидан нутқ сўзлади.

Номзод миллий тикланишдан миллий юксалиш сари эзгу ғояси асосида иқтисодиёт, ижтимоий, сиёсий, маънавий-маърифий, суд-ҳуқуқ, ахборот, спорт ва ташқи сиёсат соҳаларида бир қатор вазифалар белгиланганини таъкидлаб ўтди.

Сарвар Отамуратов дастурнинг маънавий-маърифий соҳасига тўхталиб ўтар экан, бу борада иштирокчиларнинг эътиборини давлат тили масаласига қаратди. Дастурда тил миллатнинг энг олий қадриятидир деб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, қадимий ва бой тарихга эга бўлган, мустақиллик туфайли қадр-қиммати тикланган, ҳозирда кечаётган глобаллашув даврида замонавий тараққиётнинг барча соҳалари талабларига жавоб берадиган тилимиз ривожини янги босқичга кўтариш, давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва унинг тўла амал қилишига эришиш, тил маданиятини янада юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш зарур деб таъкидланди.

Учрашувда номзод таъкидлаганидек, сайловолди Дастурда иқтисодиёт соҳасида халқнинг миллий тикланиши – иқтисодий ислоҳотларнинг негизидир тамойили асос қилиб олинган. Маълумки, Навоий вилояти республикамизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан ўзининг истиқболли ишлаб чиқариш, гигант саноат корхоналари фаолияти билан алоҳида нуфузга эга.

Навоий эркин иқтисодий зонасида бугунги кунда яратилган қулай инвестицион муҳит натижасида Корея, Буюк Британия, Италия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Сингапур, Россия давлатлари билан ҳамкорликда 24 та лойиҳа муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шу кунгача киритилган инвестицияларнинг ҳажми 124,2 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, унинг 34,2 млн доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. Мавжуд корхоналарда 100 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, узлуксиз экспорт йўлга қўйилган.

Саноати ривожланган Навоий вилоятида амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида гапирар экан, номзод эришилган ютуқлар билан бир қаторда келгусида қилиниши лозим бўлган вазифаларга ҳам эътибор қаратди.

Номзод қайд этиб ўтганидек, бугун дунё бозорида рақобатбардош ҳамда трансмиллий компаниялар иқтисодиёт тимсолига айланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Навоий эркин иқтисодий зонасида транспорт-логистика тармоғи имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш лозим. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни давом эттириш, импорт ўрнини босадиган маҳаллий хом-ашё асосида маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш, жумладан, улар учун солиқ миқдорини камайтириш, божхона имтиёз ва преференциялари, имтиёзли субсидиялар ва бошқа шакллардаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этиш устувор вазифалардан биридир.

Учрашувда номзод сайловолди Дастурнинг бошқа соҳалари хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтди. Сарвар Отамуратов илгари сураётган вазифалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, Навоий вилоятида маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш, музейлар, архивлар, кутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш ва бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилгани сайловчилар томонидан эътироф этилди.

Учрашувда номзоднинг Дастурини қўллаб-қувватлаб Халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгаши депутати Ф.Ражабов, “Учқудуқ” газетаси бош муҳаррири Р.Қодирова ва бошқалар сўзга чиқдилар.

Тадбир сўнгида Сарвар Отамуратов иштирокчилар томонидан унинг таржимаи ҳоли ва сайловолди Дастури юзасидан берилган бир қатор саволларга жавоб берди.

ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши Ахборот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг