NASDAQ ва “Тошкент” РФБ стратегик ҳамкорлик ва икки томонлама листинг масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Республика фонд биржаси “Тошкент” Америкадаги NASDAQ биржаси делегациясини қабул қилди.
Учрашувда “Тошкент” РФБ Кузатув кенгаши раиси Нодирбек Хусанов, бошқарув раиси Георгий Паресишвили, бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Зафар Саматов, NASDAQ компаниясининг ижроия вице-президенти Эдвард Найт ҳамда молиявий технологиялар директори Дмитрий Зеленцов иштирок этдилар.
Музокаралар чоғида томонлар стратегик ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, биржа инфратузилмаси ва технологияларини модернизация қилиш, хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиш, шунингдек, ўзбек эмитентларининг ҳар икки мамлакат биржаларида икки томонлама листинг имкониятлари борасида фикр алмашдилар.
Учрашув якунида Георгий Паресишвили тажриба алмашиш ва илғор ёндашувларни жорий этиш миллий фонд бозорини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, NASDAQ вакилларининг ташрифи халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва “Тошкент” РФБнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.