Каттақўрғон шаҳар драма театрида бевосита онлайн видеоконференция мулоқот тарзида бўлиб ўтган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, депутатлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, ёшлар, партия аъзолари ҳамда журналистлардан иборат жами 3300 нафардан зиёд сайловчи иштирок этди.
Учрашувни Булунғур тумани миллий ҳунармандчилик коллежи директори Н.Мамадиёрова олиб борди. Наримон Умаровнинг ишончли вакили Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи М.Бобобекова сайловчиларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўз маърузасида Н.Умаров Самарқанд нафақат ўзининг буюк ўтмиши ва боқий ёдгорликлари, балки бугунги салоҳияти ва маданияти, авваламбор, меҳнаткаш, меҳмондўст, ориятли халқи билан дунёга донг таратганлигини эътироф этди.
Ўтган йилларда вилоят иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳамда чет эл инвестицияларининг жалб этилиши натижасида бугунги кунда вилоятда саноатнинг автомобилсозликдан тортиб текстил ва қайта ишлашгача бўлган кенг турлари ривож топиб бораётгани, айниқса, вилоятда ишлаб чиқарилган замонавий автобуслар бугун халқимизнинг узоғини яқин, юк машиналари амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишларида беминнат дастёрга айланганлиги, одамларимизнинг оғирини енгил қилаётгани хусусидаги Наримон Умаровнинг фикрлари самарқандлик сайловчиларда илиқ таасурот қолдирди.
Номзод сайловчиларни Сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан таништирар экан, унда илгари сурилган ғоялар “Адолат” социал-демократик партиясининг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги дастурий мақсад ва вазифаларига асосланишини қайд этди. Дастурда белгиланган вазифалар ҳаётийлиги, бугунги замон талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққанлиги ҳамда аниқ механизмларга асослангани билан сайловчиларда қизиқиш уйғотди.
Жумладан, Н.Умаров энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этиш, мавжуд муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш орқали рақобатдош энергия бозори яратилишини рағбатлантириш масалаларига эътибор қаратишини маълум қилди. Номзоднинг бугунги кунда айнан Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станцияси бунёд этилаётгани ҳамда у фойдаланишга топширилгандан кейин ҳар йили 49 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини бериши хусусида билдирган фикрлари сайловчилар томонидан фаол қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, Наримон Умаров жамиятимиз ривожида хотин-қизларнинг иштироки масаласига алоҳида тўхталиб, юртимизда аёлга эҳтиром кўрсатиш — миллатга, юртга, эртанги кунимизга, келажак авлодимизга эҳтиром кўрсатишнинг бош мезонига айланганлигини таъкидлади.
Айниқса, мамлакатимизда аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини кучайтириш ва сиёсий ҳуқуқларини оширишга эътибор қаратиб келинаётганини қайд этди.
Н.Умаров хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги ислоҳотларни босқичма-босқич давом эттириш таклифини илгари сурди. Уларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, меҳнат бозорида уларга имтиёзлар бериш, давлат бошқаруви органларининг барча соҳалари ва бўғинларига жалб қилиш масалаларини учрашув иштирокчилари маъқуллашди.
Президентликка номзод сайловчиларнинг саволларига жавоб қайтариб, унинг дастурига қизиқиш билдирганликлари учун барча иштирокчиларга ўз ҳурмат ва ташаккурини изҳор этди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш.Полвонов, Самарқанд вилояти ҳудудий давлат экспертиза бошқармаси бошлиғи С.Боқиев, Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳуқуқшуноси М.Аслиев, Каттақўрғон шаҳар 17-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ҳ.Абдуллаева ва бошқалар номзоднинг Сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.