Тадбирда асосий учрашув зали ҳамда туман, шаҳарлардаги учрашув жойларидан жами 2800 нафарга яқин сайловчи иштирок этди. Замонавий ахборот коммуникация технологиялари орқали амалга оширилган жонли мулоқотда жамоатчилик вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари аъзолари, журналистлар қатнашди.
Тадбирни Наманган давлат университетининг катта ўқитувчиси Ш.Баннаев олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакили Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгаши раиси О.Мақсудов йиғилганларга Н.Умаровнинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берди.
Президентликка номзод даставвал бугунги кунда юртимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда бунёдкорлик ишларида наманганликларнинг ҳам алоҳида ҳиссаси борлигини таъкидлаб ўтди. Вилоятда шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмаси замонавий қиёфа касб этиб, одамларнинг турмуш фаровонлиги юксалаётгани, ўтган йилларда ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда ишлаб чиқариш салоҳиятидан келиб чиқиб амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий дастурлар самарасида Наманган бугун индустриал вилоятга айланиб бораётганини эътироф этди. Бунга мисол сифатида биргина 2015 йилда вилоятдаги саноат корхоналари томонидан қарийб 2,7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилганлигига тўхталди.
Учрашувда Н.Умаров ўз Сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил сўз юритиб, бунда ҳам вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ғоя ва таклифларини билдирди. Хусусан, номзод ўтган йилларда Наманган вилоятининг саноат тармоқларига мутлақо янги илғор технологиялар, ишлаб чиқаришга импорт ўрнини босувчи, рақобатдош маҳсулотлар кириб келганлиги, маҳаллийлаштириш дастурининг амалиётга самарали татбиқ этилиши натижасида юқори босимли газ баллонлари, илгари ноёб қурилиш ашёси ҳисобланган шифер, республикамизга импорт сифатида келтирилган спорт жиҳозлари, автомобиль фаралари, дори воситалари сингари юздан ортиқ маҳсулотлар эндиликда вилоят корхоналарида ишлаб чиқарилаётганлигига сайловчилар эътиборини қаратди. Айни пайтда Президентликка номзод ҳам ўз дастурида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш масалаларига, авваламбор, мамлакатимизда экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон ва минтақавий бозорлардаги рақобатдошлигини ошириш, экспорт ва импорт миқдори орасидаги мувозанатни сақлаш нуқтаи назаридан ёндашишини маълум қилди.
Шу билан бирга, Н.Умаров ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши, янгидан-янги ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилаётгани ҳамда аҳоли сони кўпайиб бораётгани ўз-ўзидан электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб боришига сабаб бўлаётганлиги хусусида тўхталди.
Бу борада номзод энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этиш, мавжуд муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш орқали рақобатдош энергия бозори яратилишини рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қарататишини қайд этди. Вилоятининг Поп туманида ишга туширилган қуёш фотоэлектр станцияси мисолида соҳанинг истиқболи баланд эканлигига ишонч билдирди. Шунингдек, мазкур соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш партия депутатлик корпуси олдидаги устувор вазифалардан бири эканлигини қайд этди.
Қолаверса, Н.Умаров Наманган вилояти тадбиркорлик соҳаси ривожланган ҳудуд эканлигини таъкидлар экан, тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг қўл остидаги ходимлар ўртасида қонун бузилишлигига йўл қўймаслик, айниқса ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, улар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштирмагани, ходим меҳнатига ҳақ тўлаш, ижтимоий суғурта қилиш, пенсия таъминоти талабларига риоя қилмагани ва уларни бузганлиги учун иш берувчилар жавобгарлигининг кучайтирилиши тарафдори эканлигини билдирди.
Учрашувда Учқўрғон туман 6-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатининг илмий бўлим мудири Н.Турсунов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали директори А.Эрметов, Учқўрғон шаҳар “Саноат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси О.Набиев, халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати Ш.Давранов ва бошқалар Президентликка номзоднинг дастурини қўллаб-қувватлаб сўзга чиқдилар.
Учрашувда вилоят аҳолиси номзоднинг Сайловолди дастури юзасидан ўз мулоҳаза ҳамда таклифларини билдириб ўтди. Ўз навбатида, Наримон Умаров учрашувлар иштирокчиларининг кўплаб саволларига жавоб берди ва уларга эътибор ҳамда ишонч учун миннатдорлик билдирди.