Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ноқулай об-ҳаво шароити, хусусан қўйи туман туфайли Наманган халқаро аэропортида самолётларни қабул қилиш ва учириш вақтинчалик чекланди. Бир неча рейслар захира аэродромларига йўналтирилди.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Сочи – Наманган йўналиши бўйича HY-9826 рейси 19:24 да Фарғона аэропортига қўнди.
Flynas авиакомпаниясининг Жидда – Наманган йўналиши бўйича XY-651 рейси Тошкент аэропортига йўналтирилиб, маҳаллий вақт билан 20:10 да қўнди.
Qanot Sharq авиакомпаниясининг Истанбул – Наманган йўналиши бўйича HH-578 рейси ҳам Тошкентга йўналтирилиб, 21:28 да қўнди.
Наманган аэропорти об-ҳаво шароити яхшиланганидан сўнг ўз фаолиятини одатий тартибда қайта тиклайди. Рейслари кечиктирилган ёки йўналтирилган йўловчиларга авиакомпаниялар ва аэропортлар сайтидаги янгиланган маълумотларни кузатиб бориш тавсия этилади.
#Uzbekistan Airways