Валюта курслари 26/12/2024
$1 – 12928.27
UZS – 0.14%
€1 – 13462.21
UZS – 0.35%
₽1 – 129.66
UZS – 0.44%
Қидириш
Иқтисод 26/08/2016 Наманганда либослар дизайни маркази очилди
Наманганда либослар дизайни маркази очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йилнинг 26-август куни Наманганда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25-йиллигини нишонлашга бағишланган Либослар дизайни ва моделлаш марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бугунги кунда Наманган вилоятида тўқимачилик матоларини ишлаб чиқариш, либослар тикиш бўйича корхоналар ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаб бераётган ўқув муассасаларини ўзида мужассам этган янги тикувчилик саноати йўналиши шаклланмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг дизайнига доир масалага алоҳида эътибор қаратилиши ҳамда асосийси, жаҳон бозорида эътирофга лойиқ топиладиган миллий бренд яратилиши заруриятини бир неча бор таъкидлаб ўтган. Бунинг учун замонавий корхоналар янада кенгайтирилиши, замонавий тенденциялари ва бозор конюктурасидан яхши хабардор бўлган ёш, истеъдодли тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жоиз.

Намангандаги «Истиқлол Дизайн Маркази» МЧЖ қошидаги янги Либослар дизайни маркази юқорида санаб ўтилган, жумладан, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини жаҳон стандартлари даражасига етказиш каби масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшишга хизмат қилади. Ушбу мақсадларда янги Марказ Савдо-саноат палатаси (ССП) ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасидаги қўшма лойиҳа Ўзбекистон бизнес-форуми (ИИИ-босқич)» томонидан «Сасол» компаниясининг молиявий кўмаги асосида энг замонавий юқори технологик ускуналар билан жиҳозланди.

Марказ «Ташаббус-2011» танловида ғолибликни қўлга киритган ва МДҲ давлатлари учун экспортга йўналтирилган тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида салмоқли тажрибага эга бўлган «Истиқлол Дизайн Маркази» МЧЖ («Замин Туркистон» МЧЖ) классик услубдаги либослар ишлаб чиқариш бўйича етакчи фабрикаси негизида ташкил этилди. Марказда ўрин олган замонавий асбоб-ускуналар автоматлашган лойиҳалаштириш замонавий тизими (Cомпутер Аидед Десигн), 3Д-моделлаштириш, рақамлаштириш, эскизларни реал ҳажмларда босиб чиқаришдан фойдаланиш орқали моделларни тузиш учун бир қанча қулайликлар, шунингдек, дизайнерларнинг ишини сезиларли даражада енгиллаштириб, тайёрланадиган маҳсулот сифатини оширишга йўл очиб берадиган қўшимча имкониятларни тақдим этади.

Келгусида ихтисослашган коллежлар, университетлардаги битирувчи курсларнинг яхши академик натижаларга эриша олган талабалари беминнат равишда Марказда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи режалаштирилган. Марказ фаолиятида кластерга оид ёндашув талаба ва ўқувчилар учун ишлаб чиқариш талабларига мувофиқ амалий кўникмаларга эга бўлиш имкониятларини беради. Дастлабки ҳисоблашларга кўра, бир йилда Намангандаги коллежларнинг 48 га яқин ўқувчиси дизайн ва моделлаштириш кўникмаларини ҳосил қилиб, улардан қарийб 10 нафар истеъдодли ўқувчи «Истиқлол Дизайн Маркази» фабрикасига ишга олинади.

Ҳозирда Наманганда тўқимачилик саноатини ривожлантиришга қаратилган инфратузилма мавжудлигидан келиб чиқиб, Марказ миллий брендни шакллантириш ҳамда нафақат МДҲ, балки Европа ва Америка давлатларида ҳам талабга эга бўлган маҳсулотни яратиш учун зарур бўлган занжирнинг яна бир муҳим ҳалқасига айланади. Хусусан, ушбу йўналишда билимларни ошириш, тажриба алмашиш учун Марказга мавзуга доир маҳорат мактабларини ўтказиб берадиган хорижий экспертларнинг таклиф этилиши кутилмоқда.

Марказнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Раиси Алишер Шайхов ва БМТТД Доимий Вакили Стефан Приснер мазкур Марказнинг ишга туширилиши тайёр тўқимачилик маҳсулотининг сифати ва рақобатбардошлиги ошиши, саноат ишлаб чиқариши ҳажмларининг ўсиши, маҳсулот экспорти учун бозорларнинг кенгайиши ва албатта, миллий бренд яратилишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар. Шу билан бирга, Марказнинг фаолияти ёшларда, хусусан, қизларда бозор талабларига мос кўникмаларни ошириш, улар учун келгуси ишга жойлашиш ва турмуш даражасини яхшилаш учун имкон яратиб беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг