Жорий йилнинг 12-14-июль кунлари пойтахтимизда ўтказилган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида вилоятдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган 50 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъект 70 дан зиёд турдаги маҳсулотлари билан қатнашди. Ўнлаб хорижлик ҳамкорлар билан мева-сабзавот етказиб бериш бўйича 189 млн. АҚШ долларлик шартнома имзоланди, деб хабар беради ЎзА.
Вилоятда 463 минг деҳқон ва 7 минг 560 фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. 225 минг гектардан зиёд майдонда мева-сабзавот етиштирилиб, 1 миллион 371,7 минг тонна ҳосил олиш, вилоят аҳолиси эҳтиёжидан ортган 364,8 минг тонна мева-сабзавотни экспорт қилиш режалаштирилган.
Шунга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида чет эл корхоналари билан 790 млн. АҚШ долларлик 124 экспорт шартномаси асосида ҳамкорлик қилинмоқда.