Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) - Қатар пойтахтида ўтказилаётган баландликка сакраш бўйича Осиё чемпионатида терма жамоамиз вакилларининг муваффақиятли иштироки давом этади. Атлетларимиз навбатдаги медалларини баландликка сакраш секторида қўлга киритишди.
Қитъамизда тенгсиз ҳисобланадиган Светлана Радзивил ҳамда Надия Дусанова Дохада ҳам бирга шоҳсупага кўтарилишди. Мазкур қитъа чемпионатида ғолиблик Надия Дусановага насиб этди. Ҳамюртимиз олтин медални қўлга киритиши учун 1.90 метр баландликдан ошиб ўтиши талаб этилди.
Светлана Радзивил бу сафар бронза медали билан чекланди. Юртдошимиз қозоғистонлик рақибаси билан бирга бир хил 1.88 метр натижа қайд этган бўлса ҳам, уринишлар бўйича қўшни мамлакат вакиласи устунлик қилди.
Шу тариқа мазкур мусобақада терма жамоамиз вакилларининг жамғарган медаллари 3 та олтин ва 1 та бронзага етди. Бугун мусобақанинг сўнгги кун беллашувлари ўтказилади.
Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.