Валюта курслари 24/12/2024
$1 – 12902.00
UZS – 0.07%
€1 – 13428.40
UZS – 0.31%
₽1 – 127.60
UZS – 1.3%
Қидириш
Иқтисод 04/08/2016 Мустақиллик йилларида қишлоқ жойларида замонавий уй-жойларнинг қурилиши аҳоли фаровонлиги ошишининг муҳим омили
Мустақиллик йилларида қишлоқ жойларида замонавий уй-жойларнинг қурилиши аҳоли фаровонлиги ошишининг муҳим омили
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жаҳонда ривожланишнинг “ўзбек модели” деб тан олинган, чуқур ўйланган жамиятни демократлаштириш ва либераллаштиришнинг узоқ муддатли ислоҳотлари ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган модернизациялаш ва таркибий ўзгаришлар барқарор тараққий этаётган замонавий давлат шаклланишининг бақувват фундаменти бўлди.

Давлатимиз раҳбари қайд этгандек, қишлоқ жойларида якка тартибдаги уйларни замонавий ва намунавий лойиҳалар асосида қуриш, қишлоқни комплекс ривожлантиришнинг, қишлоқ аҳолиси турмуш фаровонлигини ошишининг узоқ муддатли дастурларининг мазмун моҳияти, олийжаноб мақсадга –фуқароларимизнинг турмуш тарзини ўзгартишга эришишдир.

Мустақиллик йилларида шаҳар ва қишлоқларимиз таниб бўлмас даражада ўзгарди, ахолининг турмуш шароити тубдан яхшиланмоқда. Йилдан йилга республиканинг барча ҳудудларида замонавий уйлар қурилиши кўлами ва суръатлари ортиб бормоқда. Жами турар жой фонди 1,9 марта ўсди, бир кишига нисбатан турар жой билан таъминланишнинг муқим ўсиш даражаси 12,4 дан 15,4 кв. метрга етди.

Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши бўйича мақсадли давлат дастурларининг амалга оширилиши алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Мустақиллик йилларида замонавий уй-жойларнинг қурилиши аҳоли фаровонлиги ошишининг муҳим омили” мазусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси, “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” Бош лойиҳа тадқиқот институти вакиллари, “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки, вазирликлар ва идоралар, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Давра суҳбатида депутатлар қишлоқ жойларда қурилаётган уйларнинг шаҳардаги уйлардан кам бўлмаган – баланд шифтлик, ёруғ, қулай шароитли, пишган ғишдан қурилишига, унда замонавий қурилиш безаклари ва материалларининг қўлланилишига, ҳовлида зарур хўжалик биноларининг мавжудлигига асосий эътибор қаратишди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши Дастурларининг қабул қилиниши қишлоқ аҳоли пунктларининг архитектура-режалаштириш қиёфасини янада тубдан яхшилашда, намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришда, қишлоқда транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш ҳисобига қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қишилиши тўғрисида фикр билдирдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси, Бахром Ниёзматов: 2009-2015 йилларда мазкур Дастурлар асосида 56500 та барча қулайликларга эга бўлган замонавий ва шинам уй-жойлар қурилди. Янги қишлоқ массивларининг қурилиши мухандислик-транспорт коммуникациялари, яъни ички йўллар, ичимлик суви таъминоти, табиий газ ҳамда электр энергияси, шу жумладан, ижтимоий соҳа объектлари бўлган мактаблар, болалар боғчалари, қишлоқ врачлик пунктлари, маҳалла гузарлари, мини банклар, маиший хизмат объектлари, савдо мажмуалари ва болалар спорт майдончаларининг замонавий лойиҳалар асосида барпо этилишига замин яратди.

Шуни таъкидлаш жоизки, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси билан уй-жой қурилиши бўйича шартнома тузган пудратчи ташкилотлар солиқ тўловларидан озод этилган бўлиб, бу йўналишдаги ҳаракатлар фуқаролар учун уй-жойларнинг нархини пасайтиришга қаратилган.

Тадбир иштирокчилари давлат томонидан намунали лойиҳалар асосида ипотека кредитлари олиш бўйича шартнома тузаётган фуқароларга берилаётган имтиёзларнинг жуда муҳимлигини таъкидлашди. Ипотека кредитлари узоқ муддатга, яъни 15 йилгача бўлган даврга ажратилиб, кредитнинг асосий қарзини қайтарилиши бўйича 3 йиллик имтиёзли давр белгиланган ҳамда имтиёзли кредит фоизи 7 фоизни ташкил этади. Шунингдек, жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларининг имтиёзли кредит маблағлари ва уларнинг фоизларини қоплаш учун йўналтирилган қисми даромад солиғи тўланишидан озод қилинади ҳада ер участкаси умрбод мерос қилиб қолдириладиган мулк сифатида расмийлаштирилади.

Тадбир иштирокчилари мамлакатда чет эл инвесторлари учун қулай муҳитнинг яратилиши натижасида қишлоқ жойларида уй-жойлар қурилиши дастурларини молиялаштиришга Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки. Саудия ривожланиш жамғармаси каби обрўли инвесторларни жалб этилганлигини алоҳида таъкидлашди.

Йиғилишда мамлакатимизда қишлоқ жойларида хусусий уй-жойларни қуриш ишлари Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси, Ягона қурилиш регламенти ва соҳага оид бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши ҳамда билдирилган таклифлари инобатга олинган ҳолда, соҳадаги муносабатларни тартибга солиш ва янги сифат даражасига олиб чиқиш ва соҳага оид меъёрий ҳужжатларнинг такомиллаштирилиши лозимлиги қайд этилди.

Тадбир якунида Қўмита томонидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг