Валюта курслари 24/12/2024
$1 – 12902.00
UZS – 0.07%
€1 – 13428.40
UZS – 0.31%
₽1 – 127.60
UZS – 1.3%
Қидириш
Ўзбекистон 15/08/2016 Мустақиллик туҳфа этган буюк имкониятлар самараси
Мустақиллик туҳфа этган буюк имкониятлар самараси
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги байрам тадбирлари доирасида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” ғояси асосида “Мустақиллик – тоғдек таянчимиз, қудратли заминимиздир” шиори остида тадбиркорлик субъектларида, фермер хўжаликларида, маҳалла фуқаролар йиғинларида туркум амалий мулоқот ва учрашувлар, семинар ва йиғилишлар ташкил этилмоқда. Мана шундай байрам тадбирининг навбатдагиси Пахтачи туманида ўтказилди.

Байрам тадбирлари доирасида O’zLiDeP Пахтачи туман Кенгаши ва депутатлик гуруҳининг қўшма мажлиси ҳам бўлиб ўтди.

Йиғилишда асосий эътибор 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида турли соҳа ва йўналишларда амалга оширилган партиявий тадбирлар ва лойиҳалар, бу борада қўлга киритилган ютуқлар, камчиликлар танқидий ва таҳлилий руҳда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, депутатларнинг ўз сайловчилари олдидаги масъуллик ва ҳисобдорлигини таъминлаш, уларнинг партиявий масъулиятларини ошириш, депутатлик гуруҳи фаолиятини режали ташкил этиш, депутатлик назоратининг барча шакл ва усулларидан фойдаланиш борасида депутатларнинг зарур билимларга эга бўлишлари, лойиҳалар ижроси устидан назоратни ташкиллаштириш, барча муҳим партиявий ишларни амалга оширишда партия органлари ва депутатларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш зарур.

Шундан сўнг тумандаги “Ғаллакор” фермер хўжалигида партия электорати вакиллари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун солиқ, божхона, тижорат банклари ва Савдо-саноат палатаси вакиллари, мутахассис ва экспертлар, депутатлар, тадбиркор ва фермерлар иштирокида “Ўрта синф - мулкдорлар синфи - жамият таянчи” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўпроқ эркинлик бериш, ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга қаратилган узоқни кўзлаб юритилаётган сиёсат бу борадаги муваффақиятларнинг муҳим омилига айланди. Айниқса, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида бугунги кунда Самарқанд вилоятида 14 минг 547 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари самарали фаолият юритмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 1231 тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларга 658,6 миллиард сўм кредит ажратилди.

- Ўтган давр мобайнида юртимизда тадбиркорлик ва фермерликни ҳар томонлама ривожлантириш ва ҳимоялаш борасида амалга оширилган ишлар бугун ўзининг юксак самарасини бермоқда, – дейди “Ғаллакор” фермер хўжалиги раиси Неъмат Қурбонов. - Бугунги тадбиркор ҳам, фермер ҳам қишлоқ инфратузилмасини шакллантиришнинг муҳим бўғинига айланиб, қишлоққа саноатни олиб кириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор бизни доимий изланиш, фаолиятимизни кенгайтириш, янги тармоқларни ташкил этишга ундамоқда. Фермер хўжалигимизда мавжуд 30 гектар майдонда ғалла, пахта ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб яхшигина даромад оляпмиз. Келажакда асаларичилик, балиқчилик фаолияти ҳам йўлга қўймоқчимиз.

Амалий мулоқот чоғида тадбир иштирокчилари, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, мулкдорлар олдида турган муаммоларни ҳал қилиш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишда тўсқинлик қилаётган омилларни муҳокама этдилар.

Шунингдек, мазкур байрам тадбири доирасида туманидаги “Жаҳонобод” маҳалласида “Огоҳлик давр талаби” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда депутатлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиқанлар эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, миллий қадриятларимизга ҳурматини янада мустаҳкамлаш масаласига аҳамият бериш лозимлигини алоҳида қайд этдилар.

– Юртимизда маънавий-маърифий муҳитни янада барқарорлаштириш, аҳоли, айниқса, ёш авлодни турли ғоявий ва ахборот хуружларидан сақлаш, ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши Сиёсий таълим маркази раҳбари Жамила Бадриддинова. – Юртимизда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган турли зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият”нинг таҳдид ва хатарларидан асраш масалалари – доимий эътиборда. Чунки ҳозирги мураккаб замонда миллий қадриятларимизга ёт ғоялар, ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар, турли экстремистик оқимлар тобора кучайиб бораётгани барчамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда.

Куннинг иккинчи ярмида “Мустақиллик – тоғдек таянчимиз, қудратли заминимиздир” шиори остида “Бу – менинг Ватаним” мавзусида шоир, ёзувчилар, адиблар, спортчилар, илғор тадбиркорлар ва фермерлар иштирокида туман ёшлари, маҳалла аҳли билан ташкил этилган тадбирда жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси олдида турган ватанпарварлик бурчи хусусида атрофлича фикр юритилди.

Байрам тадбирлари якунида таниқли саънаткорлар иштирокида катта байрам концерти ҳам ташкил этилди. Саънаткорлар томонидан куйланган қўшиқларда Ватан, юрт тинчлиги, меҳр-оқибат каби инсоний туйғулар мадҳ этилди.

Шу ўринда айтиш керакки, “Мустақиллик – тоғдек таянчимиз, қудратли заминимиздир” шиори остида ўтказилган мазкур байрам тадбирларининг ташкил этилиши юртдошларимизни қувончига-қувонч, ғайратига-ғайрат қўшиб, ўзаро дўстона муносабатларни янада мустаҳкамланишига, келажак авлод қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг