Бундан 31 йил муқаддам – 1990 йилнинг 20 июнида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик декларацияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат замонавий ўзбек давлатчилигини барпо этиш, уни мустаҳкамлаш жараёнини бошлаб берди.
Бу ҳужжатнинг тарихий аҳамияти шундан иборатки, унда ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва асрлар давомида шаклланган бой анъаналари, миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи, шунингдек, ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдан иборат олий мақсади акс эттирилган. Ҳужжат Ўзбекистон халқининг келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда қабул қилинган ва у халқаро ҳуқуқ қоидаларига, миллий ва умумбашарий қадриятлар ҳамда демократия принципларига таянади.
Ушбу ҳужжатнинг ўтган асрнинг 90-йилларидаги ўта мураккаб шароитларда қабул қилиниши Ўзбекистон халқининг мустақилликка эришиш йўлида ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан дадил қадам ташлай олишининг, мамлакат миллий манфаатлари устувор аҳамиятга эга эканлигининг исботи дейиш мумкин.
Мустақиллик декларацияси амалда 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонунини қабул қилишга, мамлакатимизнинг мустақил ривожланиш йўлини танлашига асос яратди. Шунингдек, Ўзбекистон халқининг ўз тарихи ва буюк мероси билан фахрланиши, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилди.
Шу билан бирга, мазкур декларация нафақат бугунги кунда мамлакатимизни бошқа давлатлар билан ўзининг сиёсий, иқтисодий маданий ва бошқа муносабатларини амалга оширишга, балки маданият ва фанимизнинг ўтмишдаги буюк мутафаккирлари — Баҳоуддин Нақшбанд, Абу Райҳон Беруний, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Алишер Навоий, Нажмиддин Кубро, Хожа Аҳмад Яссавий, Имом Абу Мансур Мотурудий, Бурҳониддин Марғилоний, Аҳмад Фарғоний, Ҳаким Термизий, Хожа Аҳрор Валий каби кўплаб номларни тиклашга хизмат қилди.
Мустақилликнинг ўтган даврида мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий соҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу ислоҳотлар кўлами Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони асосида янги тарихий даврини бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегияси мамлакатни янги сиёсий шароитларда тараққий эттиришнинг бешта устувор йўналишларини белгилаб берди. Бугунги кунда мазкур дастурий ҳужжат доирасида амалга оширилган долзарб вазифалар ўз натижасини бермоқда.
Мазкур Фармон мамлакатимизнинг сўнгги 4 йиллик ҳаётида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришда, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга, иқтисодиётни либераллаштиришда, ижтимоий соҳани ривожлантириш ҳамда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашда, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишда муҳим дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда амалга оширилган ва давом этаётган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлашга, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шу ўринда, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлиши, халқимизнинг турмуш фаровонлиги янада юксалиши, давлатимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши учун қатор қонун ҳужжатларини қабул қилди.
Жумладан, 1991-2021 йиллар мобайнида жамиятимиздаги барча соҳалар фаолиятини тартибга солиш учун жами 762 та қонун, Олий Мажлис палаталарининг 1 526 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 740 та Фармони ва 3002 та Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 11 228 та қарори қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилган. Мазкур қабул қилинган жами 19 258 та қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш натижалари шуни кўрсатадики, уларнинг:
12 420 таси 1991-2016 йиллар оралиғидаги даврга тўғри келиб,
бу жараёнда 593 та қонун, Олий Мажлис палаталарининг 619 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2144 та Фармони ва 1335 та Қарори, 7729 та Ҳукумат қарорлари қабул қилинган;
6 838 таси 2017 йилдан 2021 йилнинг ўтган даври оралиғига тўғри келиб, ушбу жараёнда 169 та қонун, Олий Мажлис палаталарининг 907 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 596 та Фармони ва 1667 та Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 3499 та қарори қабул қилинган ва амалиётга татбиқ этилган.
Эътибор қаратадиган бўлсак, қонун ҳужжатларининг 64,5 фоизи мустақилликнинг 25 йиллик даври мобайнида қабул қилинган бўлса,
35,5 фоизи охирги 5 йилга тўғри келади. Бундан эса, Шавкат Мирзиёевнинг Президент этиб сайланган кундан бошлаб юртимиз тараққиётининг барча соҳаларида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишда, янги Ўзбекистонни барпо этиш сари дадил қадамлар ташлашда қандай натижалар кўзланганлиги ва қандай марраларга эришилганлигидан далолат беради.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизнинг барча соҳаларида миллий манфаатларнинг таъминланиши учун, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун ҳам кенг кўламли имкониятлар яратилмоқда.
Бу орқали Ўзбекистон иқтисодиёти жаҳон бозори конъюнктурасига жадал мослашмоқда. Зеро, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашувни тақозо этмоқда.
Дарҳақиқат, ўтган тарихан қисқа давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгарди.
Бу борада мамлакатимизда инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш муҳим ўрин тутганини алоҳида қайд этиш жоиз. Шунингдек, гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирилаётгани диққатга сазовор.
Айни вақтда, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келаётгани,мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам беришкаби фаолиятлар асосий устивор вазифалар этиб белгиланганлигидан далолат беради.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширлаётган ўзгариш ва янгиланишлар марказида ёшлар турибди. Хусусан, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг, айниқса, қизларнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш бугунги кунда мамлакатимизда умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилаётганидан билишимиз мумкин.
Хусусан, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилган. Жумладан:
биринчи ташаббус – ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш доирасида юртимиздаги мавжуд 800 дан ортиқ маданият марказларида 4 минг 522 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 1 минг 762 та мусиқа жиҳози етказиб берилган. Умумтаълим мактабларида ташкил этилган 36 минг 503 та тўгаракка қарийб 1 миллион 100 минг ўғил-қизлар қамраб олинган.
Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасидаги қобилиятларини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиб бериш доирасида умумтаълим мактабларида 7 минг 64 спорт тўгараги ташкил этилган. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан 7 минг 151 тўгарак фаолияти йўлга қўйилиб, мазкур йўналишга 24,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар орасида компьютер технологиялари ва интернетдан фойдаланишни ташкил этиш доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 52 та рақамли технологиялар ўқув маркази очилган. Умумтаълим мактабларидаги компьютер синфхоналари сони 14 минг 940 та. Ахборот технологиялари йўналишида ташкил этилган 14 минг 972 та тўгаракка 510 минг 340 нафар ўқувчи қамраб олинган.
Тўртинчи ташаббус – аҳоли, айниқса, ёшлар маданиятини юксалтириш, улар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш масаласида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 201 та ахборот-кутубхона марказидаги жами китоблар сони 16 миллион 319 минг 587 тани ташкил қилади. Ушбу ахборот-кутубхоналар аъзолари сони 1 миллион 196 минг 233 нафардан иборат. 2020 йилда кутубхоналарга 150 минг 724 та китоб етказиб берилган.
Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлаш доирасида ҳам эътиборга лойиқ чора-тадбирлар амалга оширилган. Бугунги кунда юртимизда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар сони 3 миллион 596 минг 406 нафарни ташкил қилади. Жорий йилда 76 минг 198 ёш хотин-қиз иш билан таъминланган, 15 минг 935 нафари касб-ҳунарга ўқитилган. Мазкур мақсадлар учун 76,2 миллиард сўм сарфланган.
Ушбу ислоҳотларни давомчиси сифатида Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2020 йил 30 октябрда “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга кўра мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш бўйича оилалар, синфлар, меҳнат жамоалари ва ҳудудлар ўртасида спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш, ҳар бир туман (шаҳар)да турли спорт танловларини ташкил этиш, барча давлат органлари ва ташкилотларида раҳбар ва ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари билан шуғулланишини таъминлаш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш белгилаб берилди.
Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида, 2021 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг 9 минг 146 та маҳаллаларида 18 минг 292 та жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт майдончаси, 204 туман (шаҳар)ларида саломатлик ва велосипед йўлаклари бунёд этилиши режалаштирилган.
Албатта, ушбу ислоҳотлар ҳам ўз навбатида давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади»деган ғояси мамлакатимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилади.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон бугунги кунда дунё давлатларининг халқаро анжуманлари, йирик форумлари ўтказиладиган маданий-маърифий марказга айланиб бормоқда. Бунга шубҳасиз, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқаларини ривожлантириш, жаҳонда ўз ўрнини янада мустаҳкамлашда қуйидаги тамойиллар сабаб бўлаётганини кўриш мумкин:
• ўзаро манфааатларни ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда, муносабатларни тенг шерикликка асосланган ҳолда ривожлантириш;
• тенг ҳуқуқлик ва ўзаро манфаатдорлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик;
• ҳамкорлик учун очиқлик, умуминсоний қадриятларга, тинчлик ва хавфсизликни сақлашга содиқлик;
• халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланиш;
• ташқи алоқаларни ҳам ички томонлама ҳам кўп томонлама келишувлар асосида ривожлантириш.
Ушбу тамойиллар Ўзбекистонни кўплаб муҳим халқаро конвенцияларга қўшилишига, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг тенг ва тўла ҳуқуқли аъзосига айланишига хизмат қилмоқда. Жумладан, ҳозирда Ўзбекистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, ЕҲХТ ва ИҲТ каби нуфузли халқаро тузилмалар фаолиятида фаол иштирок этиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Умуман олганда, Мустақиллик декларацияси халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик сифатида мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий ва маънавий-маърифий тараққиётида муҳим кафолат бўлиб хизмат қилмоқда.
Айнан ушбу дастуриламал ҳужжат асосида мамлакатимизда миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот, чегаралар дахлсизлиги, жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити, иқтисодий барқарорлик таъминлаб келинмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Мустақиллик декларацияси мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Шу нуқтаи назардан, унинг тарихий аҳамиятини тинч ва фаровон мустақил диёримизда униб-ўсаётган ҳар бир ёш авлод билиши лозимдир.
Дилмурод Махмудов
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро
тадқиқотлар институти бош илмий ходими