Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 19/08/2024 «Мурожаатдан – даромадга» лойиҳаси: юзлаб эҳтиёжманд оилалар даромадли бўляпти

«Мурожаатдан – даромадга» лойиҳаси: юзлаб эҳтиёжманд оилалар даромадли бўляпти

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Президент Халқ қабулхоналари томонидан ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбайини шакллантириш ва шу асосда турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилган «Мурожаатдан — даромадга» лойиҳаси амалга оширилмоқда. 

Президент маслаҳатчиси ўринбосари - Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигида Республика ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоятидан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига моддий ёрдам масаласида мурожаат қилган эҳтиёжманд, ишсиз аёлларга Президент совғалари – тикув машиналари ҳамда турли ускуна ва анжомлар тантанали равишда топширилди. 

Жумладан, лойиҳа асосида Қамаши, Кўкдала, Чироқчи, Ғузор, Деҳқонобод ҳамда Яккабоғ туманларида 120 нафардан зиёд хотин-қизларга тикув машиналари ва сутни қайта ишлаш ускуналари олиб берилди.

Тикув машиналари ажратилган ҳар бир мурожаатчи ўз маҳалласидаги тажрибали етакчи тадбиркорларга бириктирилаётгани лойиҳа ҳаётийлиги ва самарадорлигини таъминловчи асосий омилдир. Дейлик, Ғузорнинг энг чекка ҳудудларидан бири Тахам қишлоғида яшовчи Олмагул Элмуродова ҳам 4 нафар янги чеварни ёнига олиб, фаолиятини янада кенгайтирди. 

Президент Халқ қабулхонаси кўмагида Чироқчининг тоғли Тарағай қишлоғида ҳам янги тикув цехи иш бошлади. Тарағайлик ишсиз 10 нафар аёллар Гулчеҳра Раҳматова билан кооперация ташкил қилиб, мавсумий либослар тайёрлашга киришди. 

«Мурожаатдан – даромадга» лойиҳаси доирасида Қарши, Касби, Нишон туманларидаги кўмакка муҳтож қарийб 40 та оилага томорқасидан янада самарали фойдаланиб, даромад олиши учун қудуқ ва насослар ишга туширилди.

Айтайлик, Нишоннинг Навбаҳор маҳалласидаги боқувчисини йўқотган Гулсара Шодмонова ва ижтимоий ҳимояга муҳтож Ойзира Янгибоева томорқаларига ҳам оби ҳаёт чиқариб берилгач, уларнинг рўзғорига барака киряпти.

Шунингдек, Деҳқонобод, Шаҳрисабз, Муборак, Китоб, Косон каби туманлардаги эҳтиёжманд 44 та оилага парранда гўшти ва тухум етиштириши учун товуқлар етказиб берилди. Умуман, биргина «Мурожаатдан – даромадга» лойиҳаси билан вилоятдаги 200 дан зиёд хонадоннинг даромад топиши учун шароит ва имконият яратилди. Шу тариқа юзлаб оилаларнинг даромади шаклланди, рўзғорига файз-барака кирди.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг