Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 07/03/2018 Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари: Ўзбекистонда ёш иқтидорлар ўртасида кўрик-танлов ўтказилади
Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари: Ўзбекистонда ёш иқтидорлар ўртасида кўрик-танлов ўтказилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистонда ҳар йили мактаб ёшидаги иқтидорли ўқувчилар ўртасида математика, физика ва информатика фанларини интеграциялашган ҳолда қамраб олган кўрик-танлов ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда Халқ таълими вазирликлари қўшма қарор билан кўрик-танлов тўғрисидаги низомни тасдиқлашди.

Танловнинг асосий мақсади – Улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросини қадрлаш, уни ёш авлод онгига чуқур сингдириш, ўқувчиларнинг аниқ фанларнинг юксак марраларини забт этишига кўмаклашиш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги иқтидорларини аниқлаш ҳамда қобилиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Танловда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синф ўқувчилари қатнашишлари мумкин.

Танлов уч босқичда ўтказилади. Биринчи босқич мактаблар миқиёсида ўтказилади. Мазкур босқичда ўқувчилар учта фан бўйича онлайн-тест топширадилар: математика, физика ва информатика. 80 ва ундан юқори балл тўплаган ўқувчилар иккинчи босқичга йўл олишади.

Иккинчи минтақавий босқичда биринчи босқичда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан интеграциялашган ҳолда амалий масалаларни ёзма топширадилар. 75 ва ундан юқори балл тўплаган ўқувчилар финал босқичига йўл олишади.

Учинчи финал босқичи Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб ўтади. Мазкур босқичда иштирокчилар математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан интеграциялашган ҳолда амалий масалалардан ёзма иш топширадилар.

Танловнинг учинчи финал босқичи совриндорлари “Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари” номли мукофот (статуэтка)ни қўлга киритишади. Шунингдек, биринчи ўрин соҳиби энг кам ойлик иш ҳақининг – 100 баравари, иккинчи ўрин – 75 баравари ва учинчи ўрин – 65 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг