Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 17/11/2016 МСК халқаро кузатувчиларни аккредитациядан ўтказди
МСК халқаро кузатувчиларни аккредитациядан ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 17-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисни Комиссия раиси М. Абдусаломов бошқарди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар вакиллари, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилар миссияси аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ижроси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Шу борада 3-Бухоро, 6-Наманган, 9-Сурхондарё округ сайлов комиссиялари раисларининг ахбороти эшитилди.

Мажлисда таъкидланганидек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юксак ташкилий даражада ўтказишда участка сайлов комиссиялари зиммасига катта масъулият юкланади. Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси, округ сайлов комиссиялари ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимини янада ошириш ва уларнинг комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

Бу борадаги ишларнинг давоми сифатида шу йилнинг 20-30 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида участка сайлов комиссиялари аъзолари иштирокида сайлов участкаларини овоз беришга тайёрлаш, сайловчилар рўйхатига ўзгартиришлар киритиш, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш, сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, шунингдек, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш каби долзарб масалаларга бағишланган семинарларни ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Комиссия аъзолари сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг сайловчиларнинг турган жойида овоз бериши билан боғлиқ айрим қоидаларини бир хилда қўллашга тааллуқли масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Мажлисда Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти миссиялари кузатувчиларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қайд этилганидек, сайлов кампанияси очиқлик ва ошкоралик шароитида ўтказилмоқда. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов участкаларида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадир.

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг