Москва ва Вашингтон эски чекловларни бекор қилишни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 15 февраль куни АҚШ томони ташаббуси билан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Марко Рубио ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди.
12 февраль куни Россия ва АҚШ президентлари ўртасида ўтказилган музокараларнинг давоми сифатида икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари россия-америка муносабатларида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш учун мулоқот каналини қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
Жумладан, аввалги маъмурият томонидан жорий қилинган ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган бир томонлама чекловларни бекор қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Томонлар Украина атрофидаги низони тартибга солиш, Фаластиндаги вазият, шунингдек, Яқин Шарқ ва бошқа минтақалардаги инқирозлар бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирди.
Музокаралар чоғида 2016 йилда Барак Обама маъмурияти томонидан Россия дипломатик ваколатхоналарига нисбатан жорий қилинган чекловлар мавзуси ҳам кўтарилди. Бу чоралар Россия томонидан жавоб ҳаракатларини келтириб чиқарган эди. Шу муносабат билан, томонлар икки давлат дипломатик ваколатхоналарининг нормал фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал этиш учун мутахассислар учрашувини ташкил этишга келишиб олдилар.
Лавров ва Рубио президентлар белгилаган йўналишда ўзаро ҳурматга асосланган давлатлараро мулоқотни тиклашга тайёр эканликларини тасдиқладилар. Россия-Америка олий даражадаги учрашувини тайёрлашни ўз ичига олган мунтазам алоқаларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.