Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 11/04/2019 МОМИҲД иштирокчи давлатлари Тошкентда. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик
MOMIHD ishtirokchi davlatlari Toshkentda. Energetika sohasidagi hamkorlik

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Тошкент шаҳрида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида (МОМИҲД) Энергетика секторини мувофиқлаштириш қўмитасининг (ЭСМҚ) 29-йиғилиши бўлиб ўтди.

Делегатларни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев, Осиё тараққиёт банкининг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти директори Ашок Бхаргава қутлади.

Тадбир доирасида МОМИҲДга аъзо мамлакатларда давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, МОМИҲД энергетика секторининг ўрта муддатли тезкор стратегияси ҳамда минтақавий савдо ва сармоявий лойиҳаларга бағишланган сессиялар ўтказилди.

Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилиш стратегияси, МОМИҲД доирасида энергетика тизимига оид инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва энергетика соҳасидаги давлат-хусусий шериклик тизимини амалга ошириш имкониятларига бағишланган маърузалар билан танишди.

Тадбирда МОМИҲД давлатларида қуёш энергетикасини ривожлантиришга бағишланган алоҳида сессия ўтказилди. Халқаро қуёш энергияси институти вакили Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергияни ривожлантириш бўйича тақдимот қилди. Шунингдек, Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари делегатлари қайта тикланадиган энергия соҳаси бўйича лойиҳалар амалга оширилишда ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Навбатдаги сессия МОМИҲД мамлакатларида кичик гидроэлектрстанцияларни ривожлантириш масалаларига бағишланди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари вакиллари кичик гидро лойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳам ўзаро фикр алмашди.

Делегатлар, шунингдек, МОМИҲД Энергетика сектори мувофиқлаштириш қўмитасининг 2019 йил учун мўлжалланган иш режасини муҳокама этди. Ўзбекистон номидан йиғилиш қатнашчилари жорий йилнинг 15-17 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган "Энергетика, энергия тежаш ва муқобил энергия манбалари - Power Uzbekistan 2019" халқаро кўргазмасига таклиф этилди.

Қайд этиш керакки, Марказий Осиёда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш дастури Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) ташаббуси билан 1997 йилда жорий этилган. Дастурнинг мақсади минтақавий ва кўп томонлама, жумладан, энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш орқали Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ривожланишини рағбатлантиришдан иборат.

МОМИҲД юридик мақомга эга ташкилот ҳисобланмайди ва бу норасмий дастур бўлиб, барча,  жумладан, дастурни янги иштирокчилар ҳисобидан кенгайтириш масалалари томонларнинг розилиги билан амалга оширилади.

 

Бугунги кунда МОМИҲД ишида минтақанинг 11 мамлакати - Ўзбекистон, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Монголия, Тожикистон, Афғонистон, (2005 йилдан), Покистон, Туркманистон (2010 йилдан) ва Грузия (2016 йилдан), шунингдек, халқаро донор ташкилотлар: ОТБ, Жаҳон банки, ЕТТБ, ХВФ, БМТ Тараққиёт дастури, Ислом тараққиёт банки иштирок этмоқда.

 Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг