Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 25/12/2017 МОда сув соҳасида ҳамкорлик борасидаги энг яхши амалиётлар ўрганилди
МОда сув соҳасида ҳамкорлик борасидаги энг яхши амалиётлар ўрганилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган иккита лойиҳа “CAWECOOP” ва “UzWaterAware” – ОАВ вакиллари учун Фарғона водийсига намойиш тури ташкил этди.

Бу “UzWaterAware” лойиҳаси доирасида режалаштирилган намойиш-турларидан биринчиси бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад аҳолини сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни ҳимоя қилишда аҳолининг хабардорлигини ОАВ билан ҳамкорликда ошириш ҳисобланади.

“CAWECOOP” лойиҳасининг мақсади минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, энг самарали миллий, минтақавий ва халқаро амалиётларни кучайтириш, Марказий Осиёда экология ва мустаҳкам ривожланиш масалаларидаги ҳамкорлик, сув ресурсларини бошқариш масалалари бўйича амалиёт ва инновацион услубларни тарғиб этишдан иборат.

Қайд этиш лозимки, Фарғона водийсининг Андижон-Наманган-Фарғона вилоятларида шу соҳа мутахассислари ҳамда республикамиздаги етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Марказий Осиёда сув соҳасида ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида сув, ер ва энергия ресурсларидан фойдаланиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза килиш борасидаги энг яхши амалиётлар бўйича давра суҳбати ва намойиш-тури ўтказилди.

“Марказий Осиёда сув соҳасида ҳамкорлик” лойиҳаси икки йилга мўлжалланган бўлиб, бу йилнинг охирида ўз якунига етади. Шунинг учун мазкур давра суҳбатини икки йил оралиғида қилинган илар бўйича ўзига хос ҳисобот деса ҳам бўларди. Буни сўзга чиққан маърузачиларнинг нутқларидан ҳам билиб олса бўларди. Жумладан, Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Сув ташаббуслари дастури (МОМЭМ СТД) мутахассиси Мурат Якубов мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Шундан сўнг сўзга чиққан Давлатлараро мувофиқлаштирувчи Сув хўжалиги Комиссиясининг Илмий-ахборот маркази (ДМСК ИАМ) вакили Назир Мирзаев “Маълумотлар базаси ва Энг яхши амалиётлар харитасини яратиш йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар тақдимоти”ни ўтказиб берди.

Давлатлараро мувофиқлаштирувчи Сув хўжалиги Комиссиясининг Илмий-ахборот маркази (ДМСК ИАМ)нинг яна бир вакили Шуҳрат Муҳаммеджанов “Функционал қисмини батафсил тавсифлаган ҳолда маълумотлар базаси ва интерактив харитани намойиш этиш” борасида тўхталиб ўтди.

Тақдимот маросимлари якунлангач, баҳс-мунозаралар бошланди. Йиғилганлар маърузачиларга ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, ҳамда уларга батафсил жавоб олишди.

Шундан сўнг, айтиш мумкинки, семинарнинг назарий қисми якунлангач, тадбирнинг амалий қисми бошланди. Барча мутахассислар ва ОАВ вакиллари сувни тежаб ишлатиш борасида республикамиздаги бошқа хўжаликларга намуна бўла оладиган фермер хўжаликларига йўл олишди. Жумладан, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги “Navigul” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасига бориб, у ерда йўлга қўйилган ишлар билан танишилди. Иштирокчилар шу кунларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, корхона вакиллари билан суҳбатлашишди. Маълум бўлишича, ҳозирда ниш уриб чиққан пиёзларни далалаларга экиш учун, кўчатини бошқа идишларга кўчиришаётган экан. Ёмғир услубида суғориладиган бу кўчатларнинг бари бир текисда бўлиб ўсиб чиққанлиги билан ҳамманинг диққатини тортди. Далаларга экилганда ҳам уларнинг бирортасиям нобуд бўлмасдан, аксинча бир текисда, чиройлик бўлиб етишаркан.

Намойиш-тур доирасида Наманган ва Фарғона вилоятларининг томчилаб суғориш тизими йўлга қўйилган ташкилотларининг иш фаолиятини ҳам ўрганишди. Учрашув давомида экинларни томчилаб суғоришни кенг йўлга қўйилиши сув ресурсларини тежаш йўлидаги энг муҳим қадамлиги яна бир бор ўз исботини топди.

Намойиш-тур доирасида етакчи олимлар ва фермерлар юртимизда мавжуд бўлган сув муаммоси ҳамда бу муаммоларни бартараф этиш йўлида олиб борилаётган ишлар тўғрисида гапириб беришди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг