Мазкур қарорга асосан Мўйноқ тумани географик жойлашуви, ижтимоий-иқтисодий ривожланганлик даражаси, табиий иқлим шароити ва ресурслари ҳамда аҳолининг талабларини ҳисобга олган ҳолда, туманда 2017-2018 йилларда умумий қиймати 52,3 млрд. сўм, жумладан 990 минг АҚШ долларига тенг бўлган 72 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1343 та янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган.
Шунингдек, туманга инвесторларни кенгроқ жалб қилиш ва тадбиркорларга янгича ёндошув асосида қулайликлар яратиш мақсадида:
- Мўйноқ туманидаги собиқ “Мўйноқ балиқ консерва комбинати” ҳудудида 16 гектар ва собиқ 5-қурилиш бошқармаси ҳудудида 4,5 гектар, жами 20,5 гектар майдонда замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича “Мўйноқ” кичик саноат зонасини барпо этиш;
- “Мўйноқ” кичик саноат зонасида янги ташкил этиладиган ва унинг майдонида саноат соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари барча турдаги солиқлардан;
- туман ҳудудида рўйхатдан ўтган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқдан;
- туман ҳудудида рўйхатдан ўтган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар томонидан таъсисчиларга тўланадиган дивидендлар тазидаги даромадлар солиқдан 10 йил муддатга озод қилиниши белгиланди.
Шу билан бирга, мазкур ҳужжатда Мўйноқ туманида амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар бўйича тадбиркорлик субъектлари учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида кредитлар ажратиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, қарорга мувофиқ Мўйноқ туманидаги давлат мулки бўлган 12 та бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида салоҳиятли инвесторларга «ноль» харид қийматида ҳамда фойдаланилмаётган бошқа давлат объектлари “ноль” қийматда ижарага ҳам берилиши белгиланди.