Валюта курслари 24/06/2025
$1 – 12410.99
UZS – -0.69%
€1 – 14237.89
UZS – -1.16%
₽1 – 158.38
UZS – -0.63%
Қидириш
Туризм 24/06/2025 Мўғулистонда бўлиб ўтаётган Форумда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини намойиш этди

Мўғулистонда бўлиб ўтаётган Форумда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини намойиш этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга амалга ошираётган давлат ташрифи доирасида, 2025 йил 23 июнь куни Улан-Батор шаҳрида “Ўзбекистон — Буюк Ипак йўли дурдонаси” мавзусида Ўзбекистон-Мўғулистон туризм форуми бўлиб ўтди. Мазкур тадбир икки давлат ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди.

Форумда Ўзбекистон Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ж. Абдусаломов, Мўғулистон маданият, спорт, туризм ва ёшлар ишлари вазири Чинбатйн Ундрам, Мўғулистон туризм уюшмаси президенти Дамба Гантемур, "Hunnu Air" авиакомпанияси тижорат директори Тсеренху Турболд ҳамда икки мамлакатнинг 150 дан ортиқ туризм соҳаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. 

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини акс эттирувчи кенг қамровли тақдимотлар намойиш этилди. Жумладан, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, янги сайёҳлик масканларининг яратилиши, замонавий инфратузилмалар, экологик, зиёрат ҳамда гастрономик туризм йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар батафсил ёритиб берилди. 

Айниқса, форум иштирокчиларининг эътиборини Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари — Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Тошкентдаги ноёб меъморий обидалар, UNESCO мероси рўйхатига киритилган қадимий масканлар, миллий ҳунармандчилик марказлари ва бошқа тарихий-маданий бойликлар тортди. 

Тадбир доирасида ўтказилган «B2B» ва «G2B» учрашувларда Ўзбекистон ва Мўғулистоннинг туризм соҳаси вакиллари иштирок этиб, ўзаро ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар. Натижада икки томонлама шартномалар имзаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди ва сайёҳлар алмашинувини ошириш режалаштирилди.

Форум якунида меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой маданияти ва урф-одатларини акс эттирувчи миллий фольклор дастури намойиш этилди. Ўзбек рақслари, анъанавий куй-қўшиқлар ва турли ҳудудларга хос маданий кўринишлар томошабинларда катта таассурот қолдирди. Бундан ташқари, ўзбек ошхонаси таомларидан иборат миллий зиёфат меҳмонларга тақдим этилди.

 Ушбу форум Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида туризм соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим босқич бўлди. Тадбир икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга, ўзаро маданий яқинликни чуқурлаштиришга хизмат қилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг