2022 йил 2 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси ҳамда Тараққиёт йўлида Миср Ҳамкорлик Агентлиги ҳамда Миср Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон Миллий кутубхонасига араб тилидаги адабиётларнинг тақдим этиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси вакиллари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллиари университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон халқаро ислом Академияси талабалари ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойдаланувчилари иштирок этдилар.
Меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У.Тешабаева сўнги йилларда янада мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги иқтисодий ва маданий муносабатлар ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси билан ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида айтиб ўтди. «Истиқболда Миср Араб Республикасининг йирик кутубхоналари билан ўзаро келишув меморандумларини имзолаш, ўзбек ёшларининг араб тилини ўрганишга бўлган иштиёқини эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида араб тилини ўзбек ёшларига пухта ўргатиш учун махсус курс очиш ва унга 3 нафар мисрлик мутахассис жалб этилиши кўзда тутилган», - дея маълумот берди У.Тешабаева ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нодир фондларида сақланаётган қўлёзмалар ва нодир нашрлар билан таништирди.
Ўз ўрнида Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фаҳмий шарқ мутафаккири, шарқ адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган атоқли шахс Алишер Навоий номи билан аталган кутубхонада бўлиш унга катта шараф баҳш этаётганини изҳор этиб, бугунги ташриф араб ва ўзбек халқлари ўртасидаги тарихий, маданий ва ижтимоий ўзаро боғлиқликнинг намунаси эканлигини эътироф этди.
«Миср халқи ва ҳукумати, хусусан, Миср Маданият вазирлиги ва Тараққиёт йўлида Миср Ҳамкорлик агентлиги номидан Ўзбекистон Миллий кутубхонасига, ҳамда муҳтарам ўзбек халқига араб адабиётининг сара намуналари ҳамда икки халқ ўртасида ижтимоий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида кутубхона тарихида илк бор арабий забон бўлмаганлар учун араб тилида таълим бериш бўйича ўқув курсларини ташкил қилиш мақсадида бир қанча араб грамматикасига оид китоблар тўпламини ҳадя этишдан бениҳоя мамнунман», - деди Амира Фаҳмий ва араб тилини ўрганиш истагида бўлганларни кутубхонага ҳадя этилган китоблар билан танишишга ва улардан баҳраманд бўлишга чорлади.
Маросим доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нодир нашлар фондида сақланаётган адабиётлар ҳамда Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси томонидан тақдим этилган китоблар ва папирус қоғозида ишланган расмлар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирда иштирок этган ўқитувчи ва талабалар ўз миннатдорликларини билдирдилар ҳамда таклиф ва истакларини изҳор этдилар.