2017 йилнинг 24 октябрь куни Инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши томонидан қабул қилинган протоколга асосан, 53 та юридик шахсларга “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация марказининг резиденти мақоми берилди.
2017 йилнинг 27 октябрь ҳолатига “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази резидентларининг умумий сони 81 та юридик шахсларни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099-сон “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Инновация маркази резидентлари 2028 йил 1 январгача имтиёз ва преференцияларга эга бўлишади.
Жумладан, резидентлар 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга солиқлар ва мажбурий ажратмалардан озод этилган. Шунингдек, 7,5 фоизли ставка бўйича жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиққа тортилади, 4,5 фоизли ставка бўйича Пенсия жамғармасига киритадиган суғурта бадалларига тортилади.
“Биз “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази резидентлари сони тез суръатларда ўсаётганидан хурсандмиз. Ўзбекистондаги АТ-компаниялар Инновация марказига катта қизиқиш билдиришмоқда. Ҳозирда биз бошқа компанияларнинг аризаларини кўриб чиқаяпмиз ва ўйлайманки, тез орада Инновация маркази 100 дан ортиқ юридик шахсларни бирлаштиради”, - деди “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази директори Хуршид Султанов.
“Бизнинг асосий мақсадимиз Ўзбекистондаги ИТ-саноатни ривожлантириш ҳамда мамлакат ЯИМ да мазкур тармоқ улушини оширишдир. Мен бизнинг резидентларимизни ўз фаолиятларини ривожлантириб, бозорга янги хизмат ва маҳсулотларни чиқаришга чақираман”, - қўшимча қилди у.
“Mirzo Ulugbek Innovation Center” резидентлари учун имкониятлар кенгайтирилди
Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши АТ-компанияларга Марказинг резиденти мақомини олиш имкониятларини кенгайтирди.
2017 йилнинг 24 октябрь куни Инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши томонидан қабул қилинган протоколга асосан, эндиликда “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация марказининг резиденти мақомини “Дастурий таъминот чиқариш” (ИФУТ 58.2) йўналиши бўйича ишлайдиган юридик шахслар ҳам олишлари мумкин.
Инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши қарорига мувофиқ, компютер ўйинлари (ИФУТ 58210) ва турли дастурий таъминотлар (ИФУТ 58290) ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган юридик шахслар ҳам “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация марказининг резиденти мақомини олишга номзод бўлишлари мумкин.
Инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши мазкур қарорни қабул қилгунича, “Компютер дастури, маслаҳат ва бошқа шу турдаги хизматлар” ҳамда “Wеб-порталлар, маълумотларни қайта ишлаш ва жойлаштириш бўйича хизматлар” йўналиши бўйича ишлайдиган юридик шахслар Инновация марказининг резиденти мақомини олишлари мумкин эди.
Шунингдек, Мувофиқлаштирувчи Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларнинг Миллий реестри (www.software.uz)да рўйхатдан ўтган компаниялар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 сентябрдаги ПҚ-2042 сонли қарорида белгиланган имтиёз ва преференсияларни ўз кучида қолдириш тўғрисидаги таклифини маъқуллади.
Шу билан бирга, Миллий реестрни шакллантириш, олиб бориш ва ривожлантириш вазифаси ҳам “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази дирекциясига топширилди.
“Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази тўғрисида “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил этилган. Инновация марказининг таъсисчиси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳисобланади.
“Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация марказининг асосий мақсади – АКТ соҳасида ишлаб чиқариш, таълим ва илм-фан интеграциясини чуқурлаштириш, шунингдек, иқтисодиётнинг юқори технологик соҳалари ривожи учун қулай шароитларни яратишдир.
“Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази резидентларга қулайлик яратиш мақсадида, экстротерриториаллик тамойиллари асосида фаолият юритади, бунда МUIC резидентлари Ўзбекистоннинг исталган бурчагида жойлашиб, рўйхатдан ўтиб фаолият юритишлари мумкин бўлади. Марказнинг ишлаш муддати - 10 йил, мазкур муддат узайтирилиши мумкин.