Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Ўзбекистон 12/12/2016 Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисда доимий вакили лавозимини таъсис этишни таклиф қилди
Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисда доимий вакили лавозимини таъсис этишни таклиф қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисда доимий асосда фаолият кўрсатадиган вакили лавозимини таъсис этишни таклиф қилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Шавкат Мирзиёев деди: “Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатидир.

Ўтган даврда қабул қилинган 400 га яқин яхлит қонунлар ҳаётимизнинг барча соҳаларини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга экани ҳақида сўз юритганда, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаш зарур.

Афсуски, ҳозирги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаяпти. Уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолмоқда.

Бу ҳолат мамлакатимиз қонунчилик тизимига фуқароларимиз, тадбиркорлар, қолаверса, чет эл инвесторларининг ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Аминманки, ҳурматли Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари бу масалага жиддий эътибор қаратадилар.

Бу борадаги ишларни ташкил этишда авваламбор қонун лойиҳаларини пухта ва ижтимоий муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга соладиган даражада ишлаб чиқиш, айниқса, идоравий ҳужжатларни кескин қисқартириш зарур, деб ҳисоблайман.

Шу ўринда Ҳукуматнинг парламент билан қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил соҳасидаги ҳамкорлигини янада самарали ташкил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисда доимий асосда фаолият кўрсатадиган вакили лавозимини таъсис этиш мақсадга мувофиқ бўлади”.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг