Мирзиёев: сифатли таълим — кучли иқтисодиёт ва мамлакат келажагининг гарови — UzDaily.uz
Валюта курслари 10/09/2025
$1 – 12355.14
UZS – -0.68%
€1 – 14539.53
UZS – -0.3%
₽1 – 148.48
UZS – -2.23%
Қидириш
Мирзиёев: сифатли таълим — кучли иқтисодиёт ва мамлакат келажагининг гарови

Мирзиёев: сифатли таълим — кучли иқтисодиёт ва мамлакат келажагининг гарови

Мирзиёев: сифатли таълим — кучли иқтисодиёт ва мамлакат келажагининг гарови

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. 

“Иқтисодиёт ривожланиши, юртимиз ва фарзандларимиз келажаги фақат ва фақат таълим ва муаллимга боғлиқ. Сизлар билан иш бошлаган биринчи кундан айтаман: таълим, таълим, таълим, муаллим, муаллим, муаллим”, – деди давлатимиз раҳбари.

Ўқитувчига муносиб шароит яратиш, боғча, мактаб қуриш, жиҳозлаш, четдан мутахассис олиб келиш, замонавий дарслик ва ўқув дастурларини жорий қилиш бўйича жуда кўп шароитлар яратилгани ва бу яна давом эттирилиши таъкидланди.

“Лекин ҳар бир туман, вилоят ҳокими, биз фарзандларимизни ишониб топширган боғча, мактаб, техникум, олийгоҳ раҳбарлари бир ҳақиқатни аниқ билиши зарур.

Одамларимиз яхши яшаши учун иқтисодиётимиз кучли бўлиши керак! Бунинг учун янги товар, янги хизмат, янги технология керак! Сифатли таълим тизими орқалигина буларга эриша оламиз! Бошқа йўлимиз йўқ!

Шу ҳақиқатни англаб, ҳар куни ўзини қийнаб ишлаган раҳбарнинг туманида, боғчаси, мактаби, техникуми, олийгоҳида албатта ўзгариш ва натижа бўлади!”, – деди Президент.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. 

“Иқтисодиёт ривожланиши, юртимиз ва фарзандларимиз келажаги фақат ва фақат таълим ва муаллимга боғлиқ. Сизлар билан иш бошлаган биринчи кундан айтаман: таълим, таълим, таълим, муаллим, муаллим, муаллим”, – деди давлатимиз раҳбари.

Ўқитувчига муносиб шароит яратиш, боғча, мактаб қуриш, жиҳозлаш, четдан мутахассис олиб келиш, замонавий дарслик ва ўқув дастурларини жорий қилиш бўйича жуда кўп шароитлар яратилгани ва бу яна давом эттирилиши таъкидланди.

“Лекин ҳар бир туман, вилоят ҳокими, биз фарзандларимизни ишониб топширган боғча, мактаб, техникум, олийгоҳ раҳбарлари бир ҳақиқатни аниқ билиши зарур.

Одамларимиз яхши яшаши учун иқтисодиётимиз кучли бўлиши керак! Бунинг учун янги товар, янги хизмат, янги технология керак! Сифатли таълим тизими орқалигина буларга эриша оламиз! Бошқа йўлимиз йўқ!

Шу ҳақиқатни англаб, ҳар куни ўзини қийнаб ишлаган раҳбарнинг туманида, боғчаси, мактаби, техникуми, олийгоҳида албатта ўзгариш ва натижа бўлади!”, – деди Президент.

Жорий йил бошидан халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз 195 та медални қўлга киритди. Уларга оширилган ставкада жами 10 миллиард сўм, мураббий ўқитувчиларига эса 3,5 миллиард сўм пул мукофоти берилади.

Хорижий тил эгалари жалб қилинган 1 мингдан зиёд мактабда тил бўйича сертификат олган ўқувчилар сони бир йилда 2,5 баробар кўпайди.

“Тўғри, мактабгача ва мактаб таълимида ўзгаришлар бўляпти, дастурлар ишлаяпти, натижалар бор. Лекин касб-ҳунар ва олий таълимга масъул мутасаддилар ҳалигача таълимдаги ислоҳотлар мазмунини тўлиқ тушуниб етгани йўқ”, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис, олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарлари – биринчи ўринбосар Шохруҳ Далиев, ўринбосарлар Отабек Маҳкамов ва Сарвархон Бузрукхонов ишдан олингани эълон қилинди.

Шунингдек, Президент фармони ва қарори билан Президент Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Адхам Худайкулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббаев лавозимидан озод этилди.

Эндиликда мактабгача ва мактаб таълими ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазирлари, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар превентив ва проактив ишлашга ўтиб, таълимнинг барча йўналишларида катта ўзгариш қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Жорий йилда боғча ўринларини қўшимча 182 мингтага кўпайтириш режалаштирилган. Уларнинг 82 минги янги боғчалар ҳиссасига тўғри келади.

Туманлар ҳокимлари қолган ўринлар нима ҳисобидан яратилишини ўйламаётгани танқид қилинди.

Мисол учун, 118 та боғчадаги 255 та хона таъмирга муҳтож бўлгани учун бўш турибди. Ёки жойларда 8 та боғчани қуриш ва таъмирлаш 2-3 йилдан бери чўзилмоқда.

Чимбой, Ғаллаорол, Қизириқ, Бойсундаги 1 тадан боғча ҳали таъмирдан чиқмаган. Деҳқонобод, Сариосиё, Бўстонлиқ, Нурафшонда 1 тадан янги боғча қурилиши якунланмаган.

Вилоят ва туманлар ҳокимларига 118 та боғчадаги хоналарни таъмирлаб жиҳозлашга, яна 8 та боғчани тўлиқ ишга туширишга 1 ноябргача муҳлат берилди, акс ҳолда тегишли чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда 80 та туманда боғча очиш учун имтиёзлар эълон қилинди.

Ушбу механизмдан унумли фойдаланиб, боғча ўринларини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Қашқадарёнинг барча туманларида хусусий сектор ва чет эллик ҳамкорлар билан икки йил ичида боғча ва мактаб ўрни 3 баробар ошган. Вилоят ҳокимларига бу тажрибани ўрганиш топширилди. 

Умуман, ҳар бир туманда боғча қамрови 80 фоиздан кам бўлмаслиги шартлиги белгиланди. Бунинг учун вилоят ва туман ҳокимлари олдига бўш ерларни топиб, аукционга чиқариш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда қайси мактаб ва боғчада бўш жой бўлса, боғча қуриш режасини белгилаш вазифаси қўйилди.

Мутасаддиларга бўш ерларда боғча ташкил этиш бўйича хусусий шериклик ёки сармоя киритиш шарти билан уч йиллик дастур қабул қилиш, янги хусусий боғчаларга субсидия бериш, тарбиячилар маошини қисман қоплаш тартибини жорий қилиш топширилди.

Бир йилда 2 мингта кўп қаватли уй қурилмоқда, уларнинг тўртдан бири – “Янги Ўзбекистон” массивларида.

Бундай массивларда уйларнинг биринчи қаватида 100 ўринли хусусий боғча очиш бўйича Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида тажриба бор.

Буни барча туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ҳудудида қилиши кераклиги таъкидланди.

Эндиликда очиқ мулоқотда 80 та туман учун айтилган имтиёзлар янги кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватида боғча очадиган тадбиркорларга ҳам берилиши белгиланди.

Мутасаддиларга янги қурилаётган кўп қаватли уйларда боғча ташкил қилиш тартибини ишлаб чиқиш топширилди.

“Қамровни ошириш учун барча шароит қилиб беряпмиз, лекин боғчаларга янги нафас, янги методика кириб бориши, тарбиячиларнинг салоҳияти ҳам шунга яраша бўлиши керак”,– деди Президент.

Ёз мавсумида 118 минг тарбиячининг малакаси оширилди, лекин бу етарли эмаслиги қайд этилди.

Шу боис, янги ўқув йилидан педагогика олийгоҳларида ўрта махсус маълумотли тарбиячилар учун “1+5” (1 кун ўқиш, 5 кун иш) бакалавр таълим шакли жорий қилинади. Бу орқали боғчаларга ҳар йили қарийб 10 минг олий маълумотли мутахассис кириб келади.

Хусусий боғча билан давлат боғчаси учун таълим-тарбия сифати бўйича ягона ёндашув йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан келгуси йилда ҳар бир вилоятда боғча тарбиячилари педагогик маҳоратини оширишга методик кўмаклашувчи таянч “Янги авлод” боғчалари барпо қилинади.

Мутасаддиларга “Янги авлод” боғчаси лойиҳасини эски ва бир хил ёндашувлардан чекиниб, янгича ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилиш кун тартибидаги навбатдаги масала – мактаб таълими.

Олис ҳудудлардаги 74 минг ўқувчи ҳозиргача 5-7 километр узоқликдан мактабга қатнаётгани қайд этилди.

Қашқадарё ва Сурхондарё ҳокимлари бу масалани ичига кириб, маблағини ҳал қилиб, 100 та мактабда бепул автобус қатновини йўлга қўйган. Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳокимлари ҳам бир ойда 100 та шундай мактабга автобус қатновини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиққан.

Бу қолган ҳудудлар учун намуна экани кўрсатиб ўтилди.

Уч йил ичида иқтидорли ўқувчилар учун 201 та ихтисослашган мактаб ташкил қилинди. Лекин 12 та ихтисослашган мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳалигача якунланмагани қайд этилди.

Тегишли вилоятлар ҳокимларига ишларни йил охиригача якунига етказиш топшириғи берилди.

Ўтган йилдан бошлаб 1-синфларда ахборот технологиялари дарслари йўлга қўйилди. Кейинги ўқув йилидан юқори синфлар учун сунъий интеллект бўйича дарслар киритилади.

Бунинг учун 2 мингта синф хонасига компьютер, 6 минг 300 та интерфаол доска керак. Ушбу мақсадларга зарур маблағларни кейинги йил давлат бюджетида назарда тутиш топширилди.

Иқтидорли ўқувчиларга шароит яратиш учун вилоятларда ахборот технологияларига ихтисослашган Ал-Хоразмий, муҳандислик бўйича Мирзо Улуғбек, табиий фанлар йўналишида Ибн Сино мактаблари филиаллари ташкил этилади.

Энди уларнинг барчаси ҳудудлардаги техника олийгоҳларига номма-ном бириктирилади. Яхши натижага эришган битирувчилар ушбу олийгоҳларнинг 2-курсига қабул қилинади.

2026 йилда мактаб ўқувчилари ўртасида энг нуфузли иккита – халқаро кимё ва информатика олимпиадалари Марказий Осиё давлатлари ичида илк бор Ўзбекистонда бўлиб ўтади.

Бош вазирга пойтахтимизда ушбу олимпиадаларни юқори савияда ўтказиш учун барча ташкилий масалаларни назоратга олиш топширилди.

Боғча ва мактаблардаги 10 дан зиёд хизматлар рақамлашгани ҳисобига соҳада коррупция кескин камайди.

Шу билан бирга, мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш, боғча тарбияланувчилари давомати ҳалигача рақамли платформага тўлиқ ўтмаган.

Масалан, микроҳудудлар аниқ белгиланмагани учун 144 та тумандаги 8 мингта мактабда ўқувчилар эскича тартибда қабул қилинмоқда, боғчаларда ходимлар табели қоғозда юритиляпти.

Мутасаддиларга йил якунигача 144 та тумандаги мактабларнинг микроҳудудини аниқ белгилаш топширилди. Кейинги ўқув йилигача мактаб ва боғчалардаги барча хизматлар тўлиқ рақамли форматга ўтиши шартлиги қайд этилди.

Кеча Президент ёш авлодни тарбиялашнинг ягона концепцияси билан танишди.

Эндиликда ёш тоифалари бўйича миллий тарбия модели яратилади. Бу орқали болалар замонавий компетенцияга эга мутахассис бўлиш билан бирга миллий қадриятларга содиқ инсон бўлиб тарбияланади.

Бунинг илк қадами сифатида янги ўқув йилидан барча боғча, мактаб ва олийгоҳларда ҳар душанба “Келажак соати” дарслари ўтилмоқда.

Умуминсоний, миллий қадриятлар, ватанпарварлик ғояси, Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни ўзгариб бораётган замон шароитида технология асри болаларига чуқурроқ, замонавий усулларда етказиш кераклиги айтилди.

Шу боис, Болалар контентини ривожлантириш маркази Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти олимлари билан биргаликда қизиқарли видеороликлар ишлаб чиқади.

Яратилган контент “Миллий тарбия” платформасига доимий равишда жойлаштирилади, телеканалларда ёритиб борилади.

Куни кеча Президентимиз мактабдан ташқари таълимни янги босқичга олиб чиқиш, ўқувчиларни бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича қарорни имзолади.

Жойлардаги 219 та “Баркамол авлод” мактаби, “Ёшлик” спорт жамияти, Ўқувчи ёшлар маркази ва Ўзбекистон болалар ташкилоти негизида республика, ҳудуд ва туманларда “Келажак” марказлари ташкил этилади.

“Келажак” марказлари мактаблар билан узвий ва мақсадли тадбирларни жонлантириб, муҳандислик, илм-фан, маданият, санъат, китобхонлик, спорт ва экология йўналишлари бўйича ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилади. 

Ушбу тизим билан барча мактаблар қамраб олиниши таъкидланди. Ҳар бир ўрта мактабда маслаҳатчи лавозими жорий қилинади. Маслаҳатчилар ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишига қараб, тил, касб, муҳандислик, ижод, санъат ва спорт тўгаракларини ташкил қилади.

Маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари синф раҳбари, мактаб психологи билан хулқ-атворида салбий ўзгариш бўлган ўқувчиларни таълим ва оиладаги муаммоларини ўрганиб, уларни енгиб ўтишга ҳамроҳлик қилади.

Маҳалладаги ёшлар етакчилари эса ўқувчиларни мактабдан ташқари вақтини мазмунли ўтказиши учун масъул бўлади.

Энг асосийси, энди мактабларда ўқувчиларнинг тўгараклар, спорт, волонтёрлик ва олимпиадаларда эришган натижалари бўйича “рақамли портфолио”си шаклланиб, электрон шаҳодатномада кўрсатилади.

“Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди”,– деди Президент.

Давлатимиз раҳбарининг Хитойга ташрифи давомида энергетика, геология, кимё, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги ўнлаб йирик компания раҳбарлари билан 35 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар пакети шакллантирилди.

Бундай лойиҳалар учун технологиялар ва хитой тилини яхши биладиган минглаб кадрлар кераклиги таъкидланди. Касбга ўргатишда Хитой тажрибасини жорий этиш мақсадида ҳар бир вилоятда 2 тадан “Ўзбекистон – Хитой устахонаси”ни ташкил қилиш топширилди.

Олийгоҳ, техникум ва мактабларда хитой тилини ўқитиш мақсадида 100 дан зиёд тил эгалари ва волонтёрлар таклиф қилинади.

“Бизда 450 минг ўқувчини қабул қила оладиган 598 та техникум бор. Бу ёшлар учун жуда катта ресурс, шароит ва имконият.

Лекин бу йил 9-синфни 608 минг ўқувчи битирган бўлса, уларни атиги 182 минг нафари техникумларга боряпти.

Бугундан бошлаб бир йил ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлади”, – деди Президент.

Мутасаддилар зиммасига вилоят ва туман ҳокимлари билан биргаликда Президент ва ихтисослашган мактабда орттирилган тажриба асосида жорий йилда 598 та техникумга халқаро стандарт бўйича замонавий касбга ўқитиш муҳитини олиб кириш вазифаси қўйилди.

Умуман, вилоят ва туман ҳокимларига келгуси ўқув йилида 9-синф битирувчиларининг камида 50 фоизини, ҳозиргига қўшимча яна 200 минг ўқувчини техникумга қамраб олиш топширилди.

Бу ишларни ягона сиёсат асосида олиб бориш учун Касбий таълим агентлиги ташкил қилинади.

Жорий йилдан бошлаб олийгоҳларда қабул квоталарини инвестиция лойиҳаларида кадрларга бўлган талабдан келиб чиқиб шакллантириш тизими йўлга қўйилди.

Эндиликда инвестор буюртмаси билан техникумларда ҳам кадрлар мақсадли тайёрланади. Инвестор сўровига асосан техникумдаги таълим дастурларини 30 фоизгача ўзгартириш мумкин бўлади.

Техникум билан дуал таълимни йўлга қўйган корхоналарга имтиёзли кредит ажратилади.

Шу билан бирга, тармоқ уюшмалари ўзларига аъзо иш берувчиларнинг малака талабларини тайёрлаб бера олмаётгани, оқибатда корхона ҳам зарар кўраётгани, техникумлар ҳам нимани ўқитишни билмаётгани бўйича эътироз билдирилди.

Мутасаддиларга йил якунигача янги агентлик билан биргаликда тармоқлардаги корхоналар учун керакли касблар кесимида стандарт ва талабларни ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилиш давомида соҳа ва ҳудудлар масъулларининг ҳисоботлари тингланди, таълим ташкилотлари раҳбарлари билан мулоқот қилинди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг