Валюта курслари 27/12/2024
$1 – 12920.48
UZS – -0.06%
€1 – 13436.01
UZS – -0.19%
₽1 – 130.17
UZS – 0.39%
Қидириш
Ўзбекистон 09/09/2016 Мирзиёев: Мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига хавф туғдирадиган ҳар қандай уринишларига қатъий зарба берилади
Мирзиёев: Мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига хавф туғдирадиган ҳар қандай уринишларига қатъий зарба берилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ҳеч кимда заррача ҳам шубҳа бўлмаслиги керак – мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига хавф туғдирадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига, ҳар қандай уринишларига қатъий ва муносиб зарба берилади. Бу ҳақда кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.

Турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги таҳликали вазиятда бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек сақлашимиз, юртимиздаги миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашимиз керак.

Шу билан бирга, жамиятимизда қонун устуворлиги, тартиб-интизом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашимиз зарур. Барчамизга маълумки, Ислом Абдуғаниевич Каримов “Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди”, деб кўп-кўп таъкидлар эдилар. Биз барпо этаётган ҳуқуқий давлатда адолатсизликнинг ҳеч қандай шаклда устун бўлишига йўл қўймаслигимиз зарур. Бу ҳокимиятнинг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқаруви органларининг ва айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифасидир. Биз халқимизнинг, бугунги замоннинг ана шу муҳим талаби сўзсиз бажарилишини таъминлашимиз шарт.

Иккинчидан, давлатимиз хавфсизлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашимиз, ҳар бир фуқаронинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашимиз лозим. Вазиятни издан чиқариш, нифоқ солиш, душманлик уруғини сепиш, турли можароларни келтириб чиқариш ва ҳатто қон тўкилишини истаётган кучлар ҳам мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас.

Очиқ тан олиш керак, биз нотинч замонда, нотинч бир минтақада яшамоқдамиз. Шу сабабли Ватанимиз ҳимоясини ишончли кафолатлаётган, мудофаа қобилиятимизни мустаҳкамлаётган ва давлат чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаётган тизимли чора-тадбирлар комплексини жорий этишни қатъият билан давом эттиришимиз зарур.

Биз Қуролли Кучларимиз ва ҳуқуқ-тартибот органларимизни бундан кейин ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлаб борамиз. Ҳеч кимда заррача ҳам шубҳа бўлмаслиги керак – мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига хавф туғдирадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига, ҳар қандай уринишларига қатъий ва муносиб зарба берилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг