Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Молия 16/01/2017 Мирзиёев Давлат бюджети дефицити прогнозига қўшилмади
Мирзиёев Давлат бюджети дефицити прогнозига қўшилмади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Макроиқтисодиёт комплекси раҳбари Р.Азимов, иқтисодиёт вазири Г.Саидова ва молия вазири Б.Хўжаевнинг жорий йил якуни бўйича Давлат бюджети дефицити прогнозига доир таклифларига қўшилиб бўлмасликни алоҳида таъкидламоқчиман”, - деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев.

“Бу борада фақат бюджет профицити ҳақида сўз бориши мумкин ва зарур. Бу муҳокама қилишни эмас, балки сўзсиз бажаришни талаб этадиган стратегик вазифадир.

Бунинг учун жойларга чиқиш, ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятини ўрганиш, молиялаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорларни ишонтириш ва уларга амалий ёрдам бериш – бутун Макроиқтисодиёт комплекси фаолиятидаги кундалик қоидага айланиши керак.

Фақат шундагина натижага эриша оламиз. Шу муносабат билан ҳокимлар ва уларнинг биринчи ўринбосарлари ўз иш услуби ва дунёқарашини тубдан ўзгартириши шарт.

Ҳар бир туман ва шаҳарда, республика аҳамиятига молик йирик корхоналар ҳиссасини эътиборга олмаган ҳолда, солиққа тортиш базасини кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятининг барча туманларини субвенциядан чиқаришни сўзсиз таъминлаш керак.

Бу йил бошқа ҳокимликлар ва тегишли органлар учун ҳам субвенциядан қутилиш масаласида синов йили бўлади. Бунинг учун Макроиқтисодиёт комплекси таркибидаги вазирлик ва идоралар ҳар куни, ҳар ҳафтада самарали ва тинимсиз иш олиб бориши керак. Бусиз натижага эришиб бўлмайди.

Шунинг учун Макроиқтисодиёт комплекси раҳбари Р.Азимов иқтисодиётни бошқариш бўйича ҳозирги замонавий янги тизимлар самарадорлигига қуйи бўғиндаги раҳбарларни ишонтириши, уларни шу асосда ишлашга ўргатиши, бу борадаги натижа учун жавоб бериши ва уни кафолатлаши керак”, - деди Президент.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг