Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 30/07/2021 Минтақа вакиллари одам савдосига қарши кураш масаласини муҳокама қилди
Минтақа вакиллари одам савдосига қарши кураш масаласини муҳокама қилди

Тошкентда "Палермо протоколи: миллий тажриба ва хорижий амалиёт" мавзуида ўтказилган халқаро форумда Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ўртасида одам савдосига қарши курашиш ҳамда трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз борди. Анжуман 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш кунига бағишланди.

Халқаро форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда вазирлик ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, БМТнинг ихтисослашган тузилмалари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг илмий-таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Палермо протоколи одам савдосига қарши курашишнинг умумэътироф этилган ягона ҳуқуқий воситаси ҳисобланади. Ушбу универсал халқаро ҳужжат “Палермо протоколи” номи билан машҳур.

Палермо протоколи БМТнинг 2000 йилдаги Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвенциясини тўлдиради. Илк бор “одам савдоси” тушунчасига кенг таъриф берилган ушбу халқаро ҳужжат одам савдосига қарши кураш бўйича миллий қонунларни ишлаб чиқиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамдир.

Ўзбекистон Палермо протоколига Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги Қарорига асосан қўшилган. Ҳужжат уни имзолаган мамлакатлар зиммасига одам савдосига барҳам бериш, жабрдийдаларни ҳимоялаш ва уларга ёрдам кўрсатиш, шунингдек бу борада натижаларга эришиш учун давлатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш каби мажбуриятларни юклайди. Ушбу Протоколни, 2020 йил май ҳолатига кўра, 176 та томон ратификация қилган.

Халқаро анжуман иштирокчилари одам савдоси соҳасидаги сўнги тенденциялар, ушбу иллатга қарши курашиш билан боғлиқ қийинчиликлар, шу жумладан KОВИД-19 пандемиясининг бу жараёнга таъсири ва оқибатларини муҳокама қилдилар. БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили 2,7 миллионга яқин шахс одам савдоси қурбонига айланмоқда.

Дунёда энг шафқатсиз, ғайриинсоний жиноятлардан бири бўлган одам савдоси ҳар куни дунёнинг турли ҳудудларида қанчадан-қанча аёллар, эркаклар ва болаларнинг алданиб, зўравонликларга дуч келишига сабаб бўлмоқда. Одам савдоси – бу миллий чегаралардан чиқиб, одамларни инсоний қадр-қимматидан маҳрум этадиган глобал муаммодир.

Ўзбекистон одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва механизмларни такомиллаштириш бўйича изчил чораларни кўрмоқда.

2019 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилди.

Шунингдек, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, 2020 йилда янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Қонунга мувофиқ, одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш, аниқлаш – уларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида амалга оширилади. Қонунда одам савдоси қурбонларини ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тартиби ҳам белгиланган.

Ушбу соҳада амалга оширилган тизимли ишлар натижасида АҚШ Давлат департаментининг яқинда эълон қилинган Одам савдосига қарши курашнинг дунё бўйича ҳолати таҳлилига доир маърузасида Ўзбекистон бу борада 2021 йилда иккинчи тоифага (Tier 2) ўтказилгани таъкидланганки, бу ўзгариш мамлакатимизнинг айни йўналишда изчил натижага эришганини кўрсатади. Илгари, 2018-2020 йиллар давомида Ўзбекистон иккинчи гуруҳ, яъни алоҳида назорат олиб бориладиган мамлакатлар таркибида (Tier 2 Watch List) бўлиб келган.

Маърузада Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигига ижобий баҳо берилган. Хусусан, ўзаро ҳамкорликда ҳар йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари кескин камайгани таъкидланган.

Шунингдек, Сурия, Ироқ ва Афғонистоннинг қуролли можаролар давом этаётган ҳудудларига бориб қолган аёллар ва болаларни ҳимоя остига олиш ҳамда жамиятга мослаштириш, бундан ташқари, пандемия шароитида меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилган.

Халқаро анжуманда минтақа мамлакатлари вакиллари томонидан одам савдосидан жабрланганларни идентификациялашнинг оқсаётганлиги сабаблари ва одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг етарли даражада самарали тергов қилинмаслиги ҳолатлари таҳлил қилинди.

Одам савдосини келтириб чиқарадиган сабабларга қарши муваффақиятли курашиш учун мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ёндашувларни сифат жиҳатидан ўзгартириш, ваколатли органларнинг яқин ўзаро таъсири ва тизимли ишлаши, давлат ва фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг