Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 04/04/2023 Минглаб аҳолининг муаммоси ҳал этилмоқда
Минглаб аҳолининг муаммоси ҳал этилмоқда

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳининг икки ой аввал «Оққўрғон тажрибаси» асосида Тошкент туманларидаги фаолияти давомида аҳолининг электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ, ичимлик суви билан боғлиқ энг бирламчи ҳаётий масалаларини ҳал қилишга асосий эътибор қаратилган эди. Айни шу тажриба билан пойтахтимизнинг барча туман-шаҳрида бу борадаги тизимли масалаларни ҳал қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган эди. 

Айни кунларда эса Президент Халқ қабулхоналари, Миллий гвардия, вазирликлар, қўмиталар, ташкилотлар, секторлар раҳбарларидан иборат Республика ишчи гуруҳи пойтахтимизнинг барча туманида мазкур вазифалар ижросини ўрганяпти. 

Жумладан, Мирзо Улуғбек тумани Оқибат маҳалласи аҳолиси мурожаатлари асосида ҳудуддаги анча зўриқиб ишлаётган 400 киловольтли трансформатор 630 киловольт ампер қувватдаги янгисига алмаштирилди. Бу билан 400 та хонадонда электр таъминоти барқарорлашиб, кучланиш меъёрига тушади, йўқотишлар эса 10 фоизга камаяди. Ёки Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчасидаги катта кучланишга эга электр тармоқлари янгиланаётгани билан эса Жанггоҳ, Шайхонтоҳур, Лабзак, Коҳ ота маҳаллаларининг электр таъминоти яхшиланади. Умуман, Республика ишчи гуруҳининг Тошкент шаҳридаги фаолияти давомида 9 та трансформатор ўрнатилиб, 48,6 км электр тармоғи тортилди. 

Янгиҳаёт тумани «Янги дархон» маҳалласида эса 24 километр тармоқ тортилиб, янги бетон устунлар-у юқори кучланишли 6 та трансформатор ўрнатилиши билан 600 та оиланинг уйи ҳам, кўнгли ҳам чароғон бўлди. Дарвоқе бу маҳаллада «Янги Ўзбекистон» массивлари барпо этиляпти. Қулай инфратузилма, болалар учун яратилаётган шарт-шароит, янгидан қурилаётган мактаб-боғчалар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, умуман, бунёдкорлик ва ободлик ҳаракати замирида ҳам «Инсон қадри учун» ғояси мужассам.

Яна бир ибратли жиҳат: қисқа вақтда Янгиҳаётдаги 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ўз корхоналарига қуёш панеллари ўрнатди.

Бу билан ҳар бир корхона ойига ўртача 100 кВт электр энергиясини иқтисод қиляпти. 

Қишнинг аччиқ сабоғидан сўнг Янгиҳаёт туманидаги кўп қаватли 55 та уй ертўласидаги муҳандислик-коммуникация тармоғи тўлиқ янгиланди ва бу ишлар изчил давом эттириляпти. Бу жараёнда «Навқирон» маҳалласидаги 7 та

уй ертўласидаги муҳандислик тармоқлари ҳам тўлиқ янгиланди.

Бешкапа маҳаласи Буюк ипак йўли кўчасидаги ётоқхона типидаги уйни бош-оёқ таъмирлаш ишлари ҳам дастурлар асосида олиб бориляпти. Бу билан 128 та хонадон эгалари муносиб турмуш кечириши учун етарлича шароит яратилади.

Янгиҳаётнинг «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси эса яқин-яқингача поликлиника йўқлигидан қийналиб келарди. Мурожаатлардан сўнг бу йил дастурлар асосида бу масала ҳам ҳал қилиниб, маҳаллада 200 ўринли замонавий тиббиёт муассасаси қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Шайхонтоҳурнинг қадим тарихга эга Жанггоҳ маҳалласида ҳам қурилиш ишлари авжида. Бу ердаги бўш майдонда «Жангоҳ» маҳалла фуқаролар йиғини маркази бунёд этиляпти. 

Учтепа тумани Бирлик маҳалласи Катта Хирмонтепа кўчасида бунёд этилган мана бу гўзал сайлгоҳ, саломатлик йўлаги эса маҳалла аҳлининг димоғини чоғ қиляпти.

Халқ билан мулоқотнинг «Оққўрғон тажрибаси» – аввало ёрдамга ҳақиқий муҳтож инсонларни топиб, уларга кўмак бериш дегани. Чилонзор туманидаги Халқ қабулхонаси, секторлар ва маҳалла вакиллари ўрганишларидан сўнг 2-гуруҳ ногирони Васила Вакилова каби оғир ижтимоий аҳволдаги 30 дан ортиқ беморнинг жарроҳлик амалиёти ўтказиш ва даволаниш харажатлари, Роза Салмонова каби бир қатор эҳтиёжманд талабаларнинг эса контракт пуллари ички имкониятлар ҳисобидан тўлаб берилди. 

Учтепа тумани Тепақўрғон маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Гулсия Жабборова сингари оғир ижтимоий аҳволдаги кўплаб инсонларнинг хонадонларида ички имкониятлар ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг пойтахтимиздаги фаолияти давомида аниқланган 44 минг 300 дан зиёд масаланинг қарийб 25 минг 680 таси ҳал қилинди, қолганлари бўйича амалий ишлар давом эттириляпти.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг