Дунё талаблари даражасидаги фармацевтика препаратларидан фойдаланиш айни пайтда ишлаб чиқилишига тайёргарлик кетаётган «Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси»нинг мақсадларидан бири саналади. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси томонидан Жаҳон банкининг Тошкент офиси билан ҳамкорликда ташкил этилган онлайн конференция мазкур мавзуга бағишланган эди.
2022 йил 10 январда бўлиб ўтган конференцияда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов, Миллий палата бўлим бошлиғи Клара Ядгарова, Жаҳон банкининг Вашингтон офиси мутахассислари, шунингдек «Дори воситаларининг сифатини ошириш (PQM+)» USAID дастури мутахассислари, PQM+ дастури бошқармаси директори доктор Арчил Салакая, катта техник маслаҳатчи Ян Уарсин, USAID дастури куратори Флора Салиховалар иштирок этди.
Муҳокама давомида доктор Зафар Мирза эксперт фикрини баён этди. У ЖССТнинг халқаро эксперти, кўп йиллар ЖССТ департаменти (Женева) раҳбари, Покистон Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлаган.
2022 йил март ойида доктор Зафар Мирзанинг Ўзбекистонга ташрифи режалаштириляпти. Ташрифдан «Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси»нинг «Фармацевтик препаратлар ва тиббий маҳсулотлари» йўналишини ишлаб чиқиш жараёнига кураторлик қилиш кўзда тутилган. Мазкур йўналишдаги етакчи ташкилот бу Ўзбекистон Республикаси фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлигидир. Стратегияни ишлаб чиқиш бўйича иш секторлараро ишчи гуруҳида бир қатор вазирликлар ва идоралар иштирокида олиб борилади. Шунингдек, доктор Зафар Мирза фармацевтика объектлари ва Давлат тиббий суғуртасининг пилот лойиҳаси амалга оширилаётган Сирдарё вилоятига ташриф буюради.
«Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси»нинг фармацевтика йўналиши муҳокамаси давомида Миллий палата вакили К. Ядгарова томонидан мазкур стратегияни ишлаб чиқиш жараёнига халқаро экспертларни ва халқаро ташкилотларни жалб этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 майдаги ПҚ-5124-сонли «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилгани таъкидланди.
«Соғлиқни сақлаш стратегияси соғлиқни сақлаш соҳасининг юксак мақсадларини, шунингдек барқарор ривожланиш соҳасида мақсадларга эришишга олиб келадиган муҳим чораларни тавсифлаб беради», — деб таъкидлади у.
Бу борада Стратегиянинг «Фармацевтик препаратлар ва тиббий маҳсулотлар» каби сегментида унинг тезроқ ва барқарор ривожланиш имконини берувчи бир қатор шартлари кўзда тутилган. Улар орасида: асосий дори воситаларига ва тиббий маҳсулотларга (жумладан, тақсимлаш, қамров) бир хил йўл; молиялаштириш (масалан, нархни бошқариш); дори воситалари ва маҳсулотлар сифатини назорат қилиш ва таъминлаш (сифат кафолати ва назоратининг институтционал жиҳатлари, ишлаб чиқариш амалиёти, билимларни текшириш, лицензиялаш, дори воситаларидан оқилона фойдаланиш); соғлиқни сақлаш технологиясини баҳолаш; етказиб бериш занжирини бошқариш.
Онлайн конференцияда Стратегиянинг фармацевтика йўналишига «Дори воситаларининг сифатини ошириш (PQM+)» USAID дастури томонидан кўмак бериш масаласи муҳокама этилди.
Бу PQM+нинг, шунингдек фармацевтик компанияларнинг соҳавий баҳоларини ўтказишни, Фармацевтик технология университетига ўқув дастурларини ишлаб чиқишда кўмаклашишни ва бошқа тадбирларни ўз ичига олган Ўзбекистондаги янги йўналишидир.
PQM+ — бу USAID ва АҚШнинг Фармакопеяси (USP) ўртасидаги паст ва ўрта даромадли мамлакатларда тиббий маҳсулотларнинг сифатини таъминлашни барқарор кучайтириш бўйича ҳамкорлиги тўғрисидаги битимдир. 1820 йилда асос солинган USP илмий, нотижорат, хусусий, барқарор молиялаштириб туриладиган мустақил ташкилот саналади. USP стандартлари 40та мамлакатда ҳуқуқий тан олинган ва 140та мамлакатда фойдаланилади. Бошқа донорлар ва ҳамкорлар билан ҳамкорликда USP бутун дунёда кучли тартибга солувчи тизимларни ва сифатни таъминлаш тизимини сафлашга ёрдам беради.
2021 йил январида Ўзбекистон Республикаси фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги ва USAID ўртасида Ўзбекистонда «дори воситаларининг сифатини ошириш плюс» дастурини амалга ошириш бўйича Меморандум имзоланди.