Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 10/09/2020 Миллий палата ва Ҳиндистоннинг Меҳнат ва бандлик вазирлиги рақамли тиббиётни ривожлантириш масаласини муҳокама қилдилар
Миллий палата ва Ҳиндистоннинг Меҳнат ва бандлик вазирлиги рақамли тиббиётни ривожлантириш масаласини муҳокама қилдилар

 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси томонидан Ҳиндистоннинг Меҳнат ва бандлик вазирлиги, ҳамда Ҳиндистоннинг Канададаги элчиси иштирокида жорий йилнинг 8 сентябрида рақамли тиббиётни ривожлантиришга бағишланган илмий-амалий видеоконференция ўтказилди.

Замонавий Ҳиндистоннинг тиббиёт соҳасидаги ютуқлари бутун дунёга маълум ва бутун дунёда эътироф этилган. Пандемия шартлари барча соҳаларнинг рақамли имкониятларини ривожлантириш масаласини ҳар қачонгидан қатъий қўйди. Тиббиёт улар орасида муҳим ўрин тутади. Чунки унинг рақамлаштирилиши — нафақат энг яхши мутахассислар билан видеоалоқадан ташкил топган, у шунингдек, онлайн шаклда соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш йўли билан айнан мана шу профессионализмга йўл ҳамдир.

Шундан келиб чиқиб, ўзбек-ҳинд видеоконференциясининг муҳим қисми «CyberPatient» беморлар билан онлайн-симуляция муносабатлари ўрнатиш учун инновация платформа имкониятларини  муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Миллий палата томонидан «CyberPatient»нинг «Royal College Of Physicians And Surgeons Of Canada» нинг ҳудудий директори, профессор Карим Қаюм (Karim Qayumi) раҳбарлигидаги канадалик ишлаб чиқарувчилар командаси билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

Онлайн форум иштирокчиларига қаратилган табрик нутқида Миллий палата раиси Ровшан  Изамов шу йил апрель ойининг ўрталарида Ўзбекистоннинг тиббиёт жамоатчилигига канадалик ишлаб чиқарувчилар томонидан бемалол кириш учун «CyberPatient» онлайн симулятори ҳавола орқали очилгани ҳақида Миллий палата томонидан маълум қилинганлигини таъкидлади.

Ундан ташқари Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидаги Миллий палата бўлинмалари «CyberPatient» ва бошқа рақамли платформа имкониятлари билан яқиндан таништириш мақсадида соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари, ҳамда бўлажак шифокорлар билан учрашувлар ўтказиб туради.

Ҳиндистон меҳнат ва бандлик вазири Шри Сантош Гангвар (Shri Santosh Gangwar) мазкур муҳокамани ташкил этгани, ҳамда Канаданинг рақамли платформаси  билан танишишда кўмаклашгани учун Миллий палатага миннатдорчилик изҳор этди. У мазкур янгилик мамлакатдаги мавжуд тиббий маълумотга муҳим қўшимча эканлигини таъкидлади.

«Ушбу онлайн-ускуна талабаларга муайян касаллик бўйича тўлиқ маълумот олишга йўл очиб беради. Бу модель ўқувчига беморни қабул қилиб олингандан то соғайиб чиқиб кетгунига қадар кузатиш имконини бериб, тиббий таълимдаги бўшлиқни тўлдиради. Энди талабалар ўқишнинг дастлабки босқичларида ўзлари дуч келган ҳолатларга қайтишлари мумкин, яъни ушбу муайян касалликни ташҳислаш ва даволашнинг бир мунча мураккаб жиҳатларини ўрганиш имкониятига эга бўладилар. «Cyber Patient» шифокор ва беморнинг ўзаро алоқасини аниқроқ моделлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган», — таъкидлади Ҳиндистон вазири.

Сантош Гангварнинг фикрича, мазкур платформадан фойдаланишдаги юқори самарадорлик туфайли Меҳнат вазирлиги ушбу онлайн симуляторни соғлиқни сақлаш тизими мутахассисларини тайёрлаш дастурига расман киритиши ташаббуси билан чиқиши мумкин. Чунки Ҳиндистон тиббиёт таълимида ҳамиша энг илғор ва натижадор воситалардан фойдаланишга интилади.

Форум давомида Ҳиндистоннинг Канададаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аджай Бисариа (Ajay Bisaria) платформа ишлаб чиқаришда Канаданинг муаллифлигини инобатга ола туриб, технологик оламдаги кашфиётлар нафақат бу икки мамлакатни, балки бутун дунёни бир-бирига яқинлаштиришини таъкидлади. Пандемия кўп жиҳатдан рақамли технологияларни ривожлантириш ва уларни амалда қўллашга туртки бўлиб хизмат қилди. Тиббиёт нуфузининг ва ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигининг ошишида рақамли услубга эътибор қаратар экан, элчи жаноблари шундай деди: «Ишлаб чиқилган янги технологиялар туфайли пандемия давомида одамлар масофани сақлаган ҳолда яшаш, ишлаш, харид қилиш, ўқиш ва бошқа ишларни амалга оширишни ўргандилар».

Шунингдек, форумда Университетнинг тиббиёт фанлари коллежи (University College of Medical Sciences) директори доктор Сунил Гомбер (Dr. Sunil Gomber), Ҳиндистон тиббиёт акупунктура жамияти (Indian Society of Medical Accupuncture) президенти доктор Раман Капур (Dr. Raman Kapur), Пушпавати Сингхания Тарлочан номли Шифохона ва тадқиқот институти (PSRI Heart Institute) раиси Сингх Клер (Tarlochan Singh Kler) ва бошқалар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлиги, жумладан, тажриба алмашиш ва рақамли тиббиётни ривожлантириш ғоялари борасида учинчи томон иштирокидаги имкониятлари ҳақида фикр билдирдилар.

Онлайн тарзда ўтган форумда профессор Карим Қаюм томонидан «CyberPatient»га кенг йўл очилишини жорий йилнинг охиригача чўзишга қарор қилинди. Бу эса Ўзбекистон ва Ҳиндистон вакиллари томонидан юқори баҳоланди.

«CyberPatient» ишлаб чиқарувчилари бугун инглиз тилини қўллаган ҳолда ишлаётган симуляторни бошқа халқаро тиллар, хусусан, рус тилидаги субтирлар билан жиҳозлашни ҳам режалаштирганлар. Бу кўпгина мамлакатларнинг, жумладан Ўзбекистоннинг ҳам талаба-шифокорлари, ҳамда ҳаракатдаги шифокорларнинг ушбу инновацион платформадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Онлайн симулятор шифокорларга ўзларининг назарий билимларини мустаҳкамлашга, уларнинг клиник жиҳатдан қабул қиладиган қарорларининг аниқлигини оширишга  ёрдам беради. Бу эса ҳамиша беморларни даволаш ва уларнинг хавфсизлик даражасини ошишига олиб келади.

Шуни қўшимча қиламизки, малака ошириш курсларини, жумладан халқаро курсларни ўташ қўшимча баллар йиғиш имконини беради. Бу эса Ўзбекистон таълим тизимида босқичма-босқич жорий этилаётган ҳамда шифокорларни лицензиялаштиришни кўзда тутган кредит-модуль тизими учун долзарб саналади.

Видеоконференцалоқа давомида Миллий палата ва унинг янги ҳинд ҳамкорлари томонидан биргаликдаги янги лойиҳаларнинг амалга ошириш имкониятлари ҳам муҳокама этилди.

 Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг