Соғлиқни сақлашни доимий ривожлантириш учун мавжуд муаммоларни бартараф этишга замонавий ёндашувларни ўзлаштириш лозим. Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Integral Global Health билан ҳамкорликда айнан шундай ёндашувларни ўргатишни режалаштирган.
Хусусан, мазкур ҳамкорлик доирасида «Жараёнларни такомиллаштириш» (ЖТ) дастури бўйича тренинг ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бунда қандай қилиб муаммони аниқлаш, унинг сабабларини топиш, муаммони бартараф этиш ва ўзгаришлар натижаларини таҳлил қилиш бўйича чоралар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ўргатилади.
Кўпгина мамлакатлар соғлиқни сақлаш тизимида самарали қўлланилаётган «ЖТ» алгоритми нафақат юзага келаётган масалаларни ҳал этиш, балки кўпинча уни қўшимча ресурсларни жалб этмасдан амалга ошириш имконини беради.
Июнь ойига мўлжалланган тренингда уч кун ичида Integral Global Health эксперти доктор Брайан Роби иштирокчилар гуруҳини ўқитади. Ўқишни тугатганлар мазкур самарали услубни соғлиқни сақлаш тизимининг бошқа вакиллари орасида кенг ёйиши керак бўлади. Бу ТУТ, яъни «тренерлар учун тренинг» дейилади.
Бўлажак тренингнинг 18 майда бўлиб ўтган онлайн муҳокамасида Миллий палата ва унинг ҳамкори вакиллари «Жараёнларни такомиллаштириш» каби замонавий услубни жорий этиш ташҳислашга ва жамоат саломатлиги муаммоларинии самарали ҳал этишга ёрдам беришини таъкидлади.
Масалан, болаларни мажбурий эмлаш жараёни бундай муаммоларнинг борлигига аниқ мисол бўлиб хизмат қила олади. Барча шароитларнинг муҳайёлигида, яъни вакциналарнинг ва бепул тиббий хизматнинг мавжудлигида, мақсадли гуруҳлар огоҳлантирилганда ҳам маълум бир ҳудудда эмланган болалар сони 50-70 фоизни ташкил этиши мумкин. Холбуки, эмлаш бўйича компаниянинг мақсади болаларни 100 фоиз қамраб олишдир. Бундай вазиятда «Жараёнларни такомиллаштириш» алгоритмини қўллаш муаммонинг асл сабабини топиш ва уни бартараф этиш йўлларини топиш имконини беради. Тажриба шуни кўрсатадики, «ЖТ»ни қўллаш соғлиқни сақлаш тизимининг турли хил йўналишларида вазиятни такомиллаштириш, демакки, одамларга кўрсатиладиган тиббий хизматни яхшилашда самарали йўл ҳисобланади.