Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 12/09/2020 Миллий палата ҳамшира таълимининг корейсча тажрибасини тақдим этди
Миллий палата ҳамшира таълимининг корейсча тажрибасини тақдим этди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва KIHASA институти (Корея Республикаси) ўрта тиббий ходим таълими ва малакасини такомиллаштиришнинг халқаро тажрибасини муҳокама қилдилар.

Мазкур масала жорий йил 11 сентябрда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, ҳар хил ҳудудларнинг бир қатор ўрта тиббиёт ходимларига таълим беришга, бошқача қилиб айтганда «ҳамшира таълими»га ихтисослашган тиббиёт таълим муассасалари директорлари иштирокида бўлиб ўтган онлайн конференцияда бежиз кўтарилмаган.

Дунёнинг кўпгина мамлакатларида, жумладан Корея Республикасида ҳамширалар нафақат ўрта махсус таълимига эга бўладилар, улар шунингдек, бакалавриат ва магистратурани тугатиб, олий маълумотга эга бўлишга интиладилар. Бу ўрта тиббиёт ходимларига, асосан бизнинг мамлакатимиздагидек фақатгина шифокорлар ёрдамчилари эмас, балки мустақил тиббиёт ходимлари бўлиш имконини берган.

Шу билан бирга ҳамшираларнинг касби бўйича ваколатини ошириш шифокорларнинг ўзларининг ҳам ишларини енгиллаштиради. Улар ўз ўрнида бундай мутахассисларга ўзлари бажаришга мажбур бўлган бир қатор вазифаларни ҳам ишониб топширадилар.

Корея Республикасидаги замонавий ҳамшира таълими тизимига бағишланган тақдимотда бу ҳақда сўз юритилди. Онлайн форум иштирокчиларига ушбу тақдимотни Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа масалалари бўйича Корея институти (KIHASA) вакили Сеул Ки Чой амалга оширган.

Миллий палата ва KIHASA ҳамкорлиги ушбу нуфузли тадқиқот муассасаси президенти Чой Хынг Шик билан 2019 йил ноябрдаги учрашувдан бошланган. Томонлар Корея томонидан ўрта тиббиёт ходимлари таълимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тақдим этишга келишиб олдилар. Пандемия туфайли келиб чиққан ўзгаришларга қарамай, ушбу лойиҳа охирига етказилган ва унинг натижалари бугунги конференцияда тақдим қилинган.  

KIHASA вакиллари томонидан мамлакатимиздаги ҳамшира таълимини қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли ислоҳ этиш режаси таклифи киритилганди. Бу ўзгаришлардаги асосий урғу ўрта тиббиёт ходими статусини тубдан қайта кўриб чиқишга қаратилган. Бунга ўқув режалари ва дастурларини ўзгартириб, таълим стандартларини жорий этиб, ва уларни тузишда кўпгина мамлакатларда ўша ҳамширалар институтига берилган ваколатларни, илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиш йўли билан эришиш мумкин. Бунда бу тоифадаги мутахассисларнинг айнан ўз йўналишлари бўйича олий маълумотга эга бўлишга интилиши учун қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш муҳим. Фақат шундагина «ўрта тиббиёт ходими» йўналиши бўйича олий тоифадаги мутахассисларга эга бўлиб, барча мана шу тавсифга тўғри келадиганларнинг касбий ваколати даражасини босқичма-босқич ошириш имкони пайдо бўлади.

Конференция давомида шунингдек, Ўзбекистонда «ҳамшира таълими»ни ривожлантириш мақсадида кўрилаётган чоралар ҳам тақдим этилди. Бу ҳақда, хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фан ва таълим бош бошқармаси етакчи мутахассиси Лутфи Юсупова, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази директори Лола Мусаджановалар сўз юритдилар.

Шунингдек, Кореялик мутахассисларга уларнинг ўрта тиббиёт ходимларининг статусини ўзгартиришга қаратилган батафсил таҳлилий ва амалий тавсиялари учун миннатдорчилик изҳор этилди. 

Конференция давомида Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси ўринбосари Абдунумон Сидиков таъкидлаганидек, муҳими, бундай ўзгаришлар беморларга кўрсатиладиган хизматнинг янги сифатини бошлаб келади. Бу эса бутун Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг асосий вазифаси саналади.

Муҳокама этилган масалаларнинг долзарблиги ва Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа масалалари бўйича Корея институтининг тадқиқот ишлари тажрибасини инобатга олган ҳолда томонлар ҳамкорликдаги ишларини давом эттиришга келишиб олдилар. Ушбу ҳамкорлик мамлакат соғлиқни сақлаш соҳаси ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш учун тавсиялар тайёрлашни, ушбу тоифадаги мутахассисларнинг ваколатини, статусини ва нуфузини сезиларли даражада оширишни мақсад қилган. Айниқса Корея мисолидаги, бу йўналишдаги муваффақиятли халқаро тажриба ушбу йўлнинг самарали эканлигини исботлади. 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг