Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Молия 10/06/2016 МБ ва “Standard&Poor’s” Тошкентда конференция ташкил этишди
МБ ва “Standard&Poor’s” Тошкентда конференция ташкил этишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Марказий банки «Standard&Poor’s» халқаро рейтинг агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон тижорат банкларининг халқаро рейтинг олиши ва қайта тасдиқланиши масалаларига бағишланган навбатдаги йиллик конференцияни ташкил этди.

Анжуманда тижорат банклари, кредит ташкилотлари билан ҳамкорлик қилувчи халқаро ва маҳаллий аудиторлик компанияларининг уч юздан ошиқ раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.

Ушбу тадбир мамлакатимиз Президентининг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.

Конференция давомида «Standard&Poor’s» таҳлилчилари суверен кредит рейтингини юқори кўтаришнинг истиқболлари, халқаро банкларнинг кредитлашдаги асосий шартлари, шунингдек, банк тизимининг иқтисодий ва соҳавий таваккалчиликларга таъсири масалаларига бағишланган тақдимотлари намойиш этилди.

Бундан ташқари, экспертлар банк тизимининг Ўзбекистон иқтисодини ривожлантиришдаги аҳамияти хусувсида ўз баҳоларини билдирдилар ва ялпи ички маҳсулотнинг юқори ўсиш суръатлари банкларнинг иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш ҳажмини ошириши билан боғлиқлигини қайд этдилар.

«Standard&Poor’s» экспертларининг фикрича, банк тизимининг барқарор ресурс базаси ва банк назоратининг самарадорлиги иқтисодий ўсишнинг ижобий омиллари бўлиб қолмоқда.

МДҲга аъзо баъзи мамлакатлар рейтинг кўрсаткичларининг пасайиши фонида Ўзбекистон банк тизимининг иқтисодий таваккалчиликка таъсирчанлиги “барқарор” баҳоланмоқда. Банк тизимининг кўрсаткичлари юқори даражада сақланиб, айрим меъёрлар бўйича халқаро стандартлардан юқори бўлиб қолмоқда.

Банкларнинг капиталлашиш даражасини ошириш борасида давлат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида банк тизимининг жами капитали 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 23,2 фоиз ўсди. Ушбу кўрсаткич сўнгги беш йил давомида 2,4 марта ошди. Банкларнинг жами активлари 2015 йилнинг 1 апрелига нисбатан 25,4 фоиз, сўнгги беш йилда эса 3,1 марта ўсишига эришилди.

Ўз навбатида, тижорат банкларининг депозит базаси кейинги беш йилда 3,6 марта ошди. 2016 йилнинг 1 апрелида уларнинг ҳажми 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 27,6 фоиз ўсди.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда республикамиздаги барча тижорат банклари халқаро рейтинг агентликларининг ижобий баҳосини олишга муяссар бўлган.

Экспертлар мамлакатимиз Президентининг 2015 йил 21 декабрдаги “Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори уларнинг корпоратив бошқарувдаги иштирокини фаоллаштириш, тижорат банкларининг устав капиталидаги давлат улуши ва активларини сотиш ҳисобига давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартиришга шароит яратишини ҳам қайд этиб ўтдилар.

Қайд этилдики, банк тизимидаги изчил ислоҳотлар ва Марказий банк томонидан амалга оширилаётган самарали банк назорати, жумладан, активлар сифати устидан мониторинг ўрнатилиши, кредит портфелини диверсификациялаш, капитал етарлилиги ва ливидлик кўрсаткичлари мамлакатимиз тижорат банкларининг барқарор фаолият юритишига зарур шароит яратмоқда.

Марказий банк Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва банк назорати бўйича Базель комитети тавсияларига мувофиқ банк назоратини илғор халқаро тажрибалар асосида мунтазам ва ўз вақтида такомиллаштириб бормоқда.

Анжуман давомида ишлаб чиқилган хулоса ва таклифлар республика банк тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва барқарорлигини ошириш, тижорат банкларининг фаолиятини етакчи рейтинг агентликларининг стандартлари ва баҳолаш кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизимини ва ёндашувларни такомиллаштиришга ёрдам беради ва банк фаолиятини халқаро тажрибаларга мос равишда ташкил этишга шароит яратади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг