Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Молия 09/05/2019 МБ: Мижозларга етказилган зарарни “Давр банк” қоплаб беради
MB: Mijozlarga yetkazilgan zararni “Davr bank” qoplab beradi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Марказий банк “Давр банк” ХАТБ Учтепа филиали ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари бўйича фуқаролардан келиб тушаётган эътирозлар билан боғлиқ масалалар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Жорий йилнинг 7 май куни Марказий банк Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари

“Давр банк” ХАТБ ходимлари устидан банк депозитига қўйилган пул маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилганлиги билан боғлиқ масалалар юзасидан шикоят қилган бир гуруҳ фуқаролар билан учрашув ўтказди.

Ўз навбатида, шикоят қилган мижозларнинг банк томонидан ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаати белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилинди ва шу куннинг ўзида шикоят хатида кўтарилган масалаларга аниқлик киритиш учун “Давр банк” ХАТБ раҳбарлари Марказий банкка таклиф этилди.

Марказий банк тижорат банклари номидан банк ходимлари томонидан амалга оширилган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатлар учун банк тўлиқ жавобгар деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан, “Давр банк” ХАТБга қисқа муддатда банк томонидан мижозларга етказилган зарарларни кейинчалик айбдор ходимлардан регресс ҳуқуқида талаб қилиш асосида қоплаб бериш юзасидан кўрсатма берилди.

Банк томонидан жабрланган мижозларнинг масалаларини ҳал қилиш бўйича амалий чоралар кўрилмаган тақдирда, Марказий банк томонидан банкнинг айрим операцияларини тўхтатишгача бўлган қатъий чоралар қўлланилади.

Марказий банк ушбу масалага “Даврбанк” ХАТБ раҳбариятининг эътиборсизлиги, шу жумладан, филиал мансабдор шахсларининг фуқароларга қўяётган “жиноят содир этишга уларнинг ўзлари шароит яратган” каби айбловларини ноўрин деб ҳисоблайди ва бу ҳолатлар банк акциядорларидан банк раҳбарларини алмаштиришни талаб қилишга сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этади.

Марказий банк мазкур масала тўлиқ бартараф этилмагунга қадар амалга ошириладиган барча жараёнлар устидан доимий назорат ўрнатилишини маълум қилади.

Манба: Марказий банкнинг телеграмдаги расмий канали.  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг