Маркировкаланган маҳсулотни қуйиб сотиш (розлив) учун жазо чоралар қўлланилмайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳозирги кунда маркировкаланмаган алкоголли маҳсулотлар, сув ва салқин ичимликларни реализация қилиш Солиқ кодексининг 227¹-моддасига асосан ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Шу билан бирга, маркировкаланган алкоголли маҳсулотлар, сув ва салқин ичимликларнинг қисман сотувга чиқарилиши (қуйиб сотиш)ни тўғри ҳисобга олиш имконини берувчи техник ечим ва регламентнинг тасдиқланмагани сабабли, тадбиркорларга нотўғри қуйиб сотиш учун жазо чоралари қўлланилмайди.
Бу биринчи навбатда, умумий овқатланиш, ресторан ва меҳмонхона соҳасидаги корхоналарга тааллуқлидир, чунки улар фаолиятининг хусусияти бўйича сув, салқин ичимликлар ва алкоголнинг завод қадоқларини очиб, кейинчалик сотишга чиқарадилар.
Мажбурий рақамли маркировка қоидаларининг бузилиши фақат маркировкасиз маҳсулотларни қуйиб сотишда тан олинади.
Солиқ қўмитаси томонидан маркировкаланган маҳсулотларни доналаб ёки қуйиб сотиш бўйича белгиланган тартибда реализация қилишни тўғри ва бизнес учун қулай тарзда ташкил этишга қаратилган техник ечим ишлаб чиқилмоқда. Яқин вақт ичида ушбу масала бўйича бизнес вакиллари билан келишилган регламент амалиётга жорий этилади.