Бинобарин, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 32-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда бевосита ва ўз вакиллари орқали қатнашиш ҳуқуқига эга эканликлари белгилаб қўйилган. Фуқаролар томонидан давлат ҳокимиятини шакл¬лантиришнинг асосий йўлларидан бири, бу — сайловлар.
Юртимизнинг олий вакиллик органи бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ваколати Марказий сайлов комиссиясига берилган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Марказий сайлов комиссияси доимий тарзда фаолият олиб борадиган ҳамда конституциявий мақомга эга мустақил орган бўлиб, ўз фаолиятини мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида амалга оширади.
Марказий сайлов комиссияси конституциявий мақомга эга бўлиши давлат ҳокимиятининг бошқа органлари ҳеч қандай аралашувларисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишни таъминлашга хизмат қилади. Ваҳолонки, аксарият ривожланган демократик мамлакатлар конституцияларида ҳам сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли бўлган органлар ҳамда уларни ташкил қилиш тартиби ҳақида махсус қоидалар учрамайди. Шуларнинг ўзиёқ юртимизда сайловларни демократик, очиқ ва ошкора тарзда ўтказиш ҳамда унда қонунийликни ҳар томонлама таъминлашнинг кафолатлари мавжудлигини кўрсатади.
Қонунчилигимизда Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг ижро ҳокимияти иштироки ва таъсирисиз сайланишининг ўзига хос ноёб демократик тартиби ўрнатилган. Масалан, биринчи босқичда Марказий сайлов комис¬сияси аъзолигига ҳар бир номзод Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари мажлисларида ҳар томонлама муҳокамадан ўтади ҳамда сайлаш учун парламентга тавсия этилади.
Иккинчи босқичда эса маҳаллий Кенгашлар томонидан Марказий сайлов комиссиясига аъзоликка сайланиш учун тавсия қилинган номзодлар тегишли равишда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг мажлисларида алоҳида муҳокамадан ўтади ҳамда сайланади. Ҳар икки босқичда ҳам фуқароларнинг билвосита иштироки таъминлангани, уларда сиёсий партиялар, аҳоли кенг қатлами манфаатлари ўз ифодасини топганини кўриш мумкин.
Марказий сайлов комиссия¬сининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномаси бўйича сайланади. Шунингдек, комиссиянинг мажлисида Марказий сайлов комиссияси аъзолари орасидан комиссия Раисининг ўринбосари ва комиссия котиби сайланади. Булар ҳам Марказий сайлов комиссияси мустақиллигини таъминлайдиган қўшимча ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.
Қиёслаб айтганда, аксарият давлатларда сайловларни ташкиллаштирувчи ҳамда ўтказувчи ягона, марказлашган органлар тизими мавжуд эмас ва сайловни ташкил қилиш функцияси ижро этувчи ҳокимият органлари ёки тўғридан-тўғри ҳукумат зиммасига юклатилган. Мисол учун, Франция, Австрия ҳамда Германияда сайловларни ташкил қилиш билан Ички ишлар вазирлиги, Данияда Ички ва ижтимоий ишлар вазирлиги, Финляндияда Адлия вазирлиги, Бразилияда эса Олий сайлов суди шуғулланади. Шуларнинг ўзиёқ сайлов қонунчилигимиз, сайлов тизимимиз демократия принципларига юқори даражада мослигидан далолат беради.
Эътиборли жиҳати, бугун буни бизнинг сиёсий тизим билан яхши таниш бўлган экспертлар бутун дунёда эътироф этишмоқда.
Қонунчиликда ушбу нормаларнинг белгилаб қўйилгани ҳам Марказий сайлов комиссиясининг мустақиллигини кўрсатади. “Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 2ˡ-моддасига кўра, Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ҳамда мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.
Марказий сайлов комиссия¬си аъзолари қарор қабул қилишда сиёсий мойиллар ва бошқа ёт таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини билдиради. Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ҳамда бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Марказий сайлов комиссия¬сининг мустақиллигини таъминловчи жиҳатлардан яна бири, бу — унинг аъзоларига қўйилган талаблардир. Хусусан, 25 ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловни, референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ва камида охирги беш йилда мамлакатимиз ҳудудида доимий яшаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Марказий сайлов комиссияси аъзоси бўлиши мумкин. Комиссия аъзоси бошқа сайлов комиссиясининг ёки сиёсий партия¬нинг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Яна бир муҳим жиҳати шуки, Комиссияда доимий тарзда фаолият олиб борувчи аъзо илмий ҳамда педагогик фаолиятдан ташқари бошқа ҳар қандай пул тўланадиган лавозимларда ишлаши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилганидир. Бу ҳам комиссия аъзосининг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Қонунда яна бир норма ¬мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига, Сенат аъзолигига номзод этиб, ишончли вакил сифатида рўйхатга олинган аъзоси Комиссия таркибидан чиқиб кетган, деб ҳисобланади. Мазкур нормадан кўриниб турибдики, ¬шахснинг номзод сифатида рўйхатдан ўтишининг ўзи унинг Комиссия таркибидан чиқишига олиб келади. Бундан кўзланган мақсад — Комиссия аъзосининг номзод сифатида ўз қарашлари ва фикрлари билан Комиссия фаолиятига таъсир кўрсатишининг олдини олиш ҳамда унинг мустақиллигига путур етишига йўл қўймасликдан иборат.
Марказий сайлов комиссияси мустақиллигини белгиловчи муҳим омиллардан яна бири унинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, қарорларини ижро этмаслик учун маъмурий жавобгарликнинг кўзда тутилганидир. Бу нормалар Марказий сайлов комиссиясининг ўз фаолиятини ташқи таъсирлардан холи равишда олиб бориши, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини самарали таъминлаш йўлидаги фаолиятини ¬кучайтиришига замин яратади.
Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг мустақиллиги сайловларни адолатли ташкил қилиш ва ўтказишнинг муҳим шартидир. Шу боис миллий қонунчилигимизда Комиссия ¬фаолиятини давлат ҳокимияти органлари, сиёсий партиялар, гуруҳлар, жамоат бирлашмаларининг ҳар қандай аралашувидан ҳимоя қиладиган қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Бу эса сайловларнинг қонун доирасида адолатли ҳамда демократик тарзда ўтишини кафолатлайди.
Илёс АБДУРАҲИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси катта ўқитувчиси.