Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 24/09/2016 Марказий сайлов комиссиясида
Марказий сайлов комиссиясида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 19-сентябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш мақсадида тегишли ҳужжатлар тўпламини тақдим қилди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, шу йилнинг 4-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадирлар.

Бунда сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.

Мазкур Қонуннинг 24¹-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги кўрсатилган маълумотномаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши лозим.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана қайд этилган маълумотномани берди.

Шу куннинг ўзида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун зарур ҳужжатларни тақдим қилди.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш навбатига қараб марказий матбуотда эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг