Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 24/09/2016 Марказий сайлов комиссияси халқаро ташкилотлардан кузатувчиларни таклиф қилди
Марказий сайлов комиссияси халқаро ташкилотлардан кузатувчиларни таклиф қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Маълумки, мамлакатимизда 2016-йил 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)га, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси (МДҲ Ижроия қўмитаси)га, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ)га ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА)га Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг халқаро кузатувида иштирок этиш учун расман таклифномалар юборди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни очиқ ва ошкора амалга оширадилар. Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади. Уларнинг фаолияти Марказий сайлов комиссиясининг 2016-йил 15-сентябрдаги 734-сон қарори билан тасдиқланган ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек сайлов ташкил қилиш ва ўтказиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига мувофиқ ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.

Таъкидлаш лозимки, халқаро ва хорижий кузатувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши бутун сайлов жараёнининг ошкоралиги ва очиқлиги тамойиллари мустаҳкамланишига, умумийлик, тенглик, эркинлик ва яширин овоз бериш каби демократик сайловларнинг тамойилларига риоя этилишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг