Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 28/11/2016 Марказий сайлов комиссияси мажлиси
Марказий сайлов комиссияси мажлиси
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 25-ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар вакиллари, халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг оммавий ахборот воситалари орқали сайловолди ташвиқоти жорий мониторингининг дастлабки натижалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда сайлов қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқотини олиб боришда тенг шароитлар таъминланаётгани алоҳида таъкидланди. Номзодлар жорий йилнинг 28-октябридан бошлаб мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўз ғоя ва қарашлари, таклиф ва ташаббуслари акс этган сайловолди дастурларини сайловчилар, умуман, кенг жамоатчиликка етказишга йўналтирилган кенг кўламли ташвиқот тадбирларини олиб бормоқда. Президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари барча сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилмоқда.

Номзодлар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" теле- ва радиоканалларида, ҳудудий теле- ва радиоканалларда бепул эфир вақтидан самарали фойдаланмоқда. Шунингдек, улар "Халқ сўзи", "Народное слово", "Правда Востока", “Нурлы жол” ва “Овози точик” газеталари, ҳудудий газеталарда ажратилган бепул нашр майдонидан ҳам ташвиқот мақсадида унумли фойдаланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар партиялар газеталарида ҳам сайловолди кампаниясини олиб бормоқда, Интернет нашрлар имкониятларидан кенг фойдаланмоқда. Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари номзодларнинг сайловолди ташвиқотини кенг ёритиб бормоқда.

Мажлисда таъкидланганидек, номзодлар ва оммавий ахборот воситалари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016-йил 3-октябрда қабул қилинган қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом талабларига қатъий амал қилиб келмоқда. Номзодлар сайловолди ташвиқотининг ўтган даврида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳоллари қайд этилмади.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси аъзолари овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларини кўриб чиқди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини амалга ошириш доирасида барча бўғиндаги сайлов комиссиялари томонидан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган катта иш олиб борилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун сайлов участкалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкаси тузилди. Улар овоз беришни ўтказиш учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Ҳар бир сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳақида ахборот мавжуд. Участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчиларни овоз бериш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Теле- ва радиоканалларда сайлов санаси ҳақида ахборот роликлари, муддатидан олдин овоз бериш, сайлов куни овоз бериш ва сайлов бюллетенини тўлдириш тартиби, шунингдек, участка сайлов комиссияларининг сайлов кунидаги фаолияти ҳақида кўрсатув ва видеороликлар эфирга узатилмоқда.

Ҳозир сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имконияти бўлмаган сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш жараёни давом этмоқда.

Мажлисда халқаро ва хорижий кузатувчиларни, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бугунги кунга қадар сайлов кампаниясини ёритиш учун Марказий сайлов комиссияси ва округ сайлов комиссиялари томонидан юртимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 300 дан зиёд ходими аккредитациядан ўтказилди. Уларни зарур ахборот материаллари билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази, округ сайлов комиссиялари матбуот марказлари фаолият юритмоқда, матбуот анжуманлари, брифинг ва семинарлар ўтказилмоқда.

Овоз бериш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ягона компьютер тармоғи яратилган бўлиб, бу сайлов куни овоз бериш жараёнини онлайн режимида кузатиш, мамлакатимиз ҳудудлари билан видеоалоқа орқали мулоқот олиб бориш имконини беради. Марказий сайлов комиссияси сайлов куни жамоатчиликни овоз беришнинг бориши ҳақида 4-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида бўлиб ўтадиган онлайн брифинглар орқали хабардор қилиб боради.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг