2021 йилнинг 6 август куни Туркманистоннинг “Аваза” сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг ўтказилиши минтақа мамлакатлари тарихидаги муҳим воқеа сифатида қайд этиш мумкин.
Биринчидан, ушбу саммит минтақа давлатлари раҳбарларининг Афғонистон можароси ва мураккаб пандемия давридаги илк учрашув ҳисобланади.
Иккинчидан, кўп томонлама саммит дастури аниқ ва мукаммал тарзда ўрганилиб, унда минтақавий хамкорлик ва хавфсизлик юзасидан муҳим ва долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Учинчидан, минтақа давлатлари раҳбарлари Марказий Осиёнинг умумминтақавий илмий-маданий ютуқларини асраб-авайлаш ва кенг татбиқ этиш, халқларни ўзаро бир-бирига боғлайдиган ягона тарихий-маданий мерос борасидаги илмий салоҳиятни рағбатлантириш мақсадида, ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш ниятларини билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.M. Мирзиёев томонидан илгари сурилган минтақа мамлакатлари ўртасида маданий ҳамкорликни мунтазам ва тизимли алоқалар шаклига ўтказиш бўйича таклифлари бежиз эмас, балки Марказий Осиёнинг тарихий-маданий салоҳиятини юксалтириш ва аниқ таҳлил натижаларига мувофиқ тараққий эттириш ҳамдир.
Марказий Осиё минтақаси ўзига хос ягона тарихий-маданий макон сифатида жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ижобий таъсир кўрсатди.
Кўплаб шарқшуносларнинг фикрига кўра, Марказий Осиё этногенетик жараёнларнинг алоҳида маркази ҳисобланиб, қадимдан бу ерда турли қабилалар ва халқлар пайдо бўлгани маълум. Ушбу алоқалар ва жараёнлар хилма-хил ва кўп томонлама аҳамиятга эга бўлиб, Марказий Осиёнинг барча қисмларида турлича натижалар берди. Энг муҳим жиҳати шундаки, минтақа ўша давр этногенезининг махсус маркази, шунингдек, турли маданий, иқтисодий, сиёсий ва мафкуравий алоқалар зонаси бўла олган.
Моҳиятан олиб қарайдиган бўлсак, Марказий Осиё давлатлари маданий-цивилизацион интеграциясининг бутун мажмуасига эга бўлиб, минтақавий кўп томонлама ўзаро алоқалар учун асос яратган дейиш мумкин.
Шунинг учун, замонавий кўп кутбли (мултиполяр) дунёни шакллантириш ва маданиятлараро кенг мулоқот майдонини такомиллаштириш кун тартибига маданий стандартларни тарқатиш, этно-маданий меросни сақлаш, давлатларнинг яқин ҳамкорлиги, жумладан, дўстлик фестиваллари, мусиқа, маданият ва кино кунлари, китобларнинг қўшма нашри ва бошқаларни ташкил этишда долзарб аҳамият касб этади.
Кўп йиллик тарихий тажриба шуни кўрсатадики, Марказий Осиё минтақаси бу каби мулоқотни амалга оширишда муносиб платформа сифатида ўзини номоён эта олди.
Давлатимиз раҳбари мазкур жараённинг актуаллашувида яна бир муҳим жиҳат бор эканини қайд этдилар.
Турли фестиваллар, маданият ва кино кунлари, шунингдек, ўзига хос маданий мерос сирасига кирувчи бошқа кўплаб оммавий ва халқ тадбирлари, минтақа мамлакатларига хос бой хилма-хиллик каби анъаналар Марказий Осиё "халқ дипломатияси" ни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Шу билан бир қаторда, илмий-маданий муассасалар, саноат ва қишлоқ хўжалиги, давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида бевосита ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш масаласи жадал тус олди.
Бундан ташқари, бугунги кунда фуқаролик (халқ) дипломатияси жаҳон сиёсий жараёнининг тўлақонли иштирокчисига айланиб, халқаро муносабатларнинг ривожланишини энди жамоат, халқ ҳаракатларига таянмасдан аниқлаш мумкин эмас.
Адабиёт, нашриёт ва матбаа, полиграфия соҳасидаги ҳамкорлик Марказий Осиё халқларининг маданий, маънавий ва ахлоқий кўринишини белгилайдиган, қадриятлар тизимини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Бу борада, мамлакатимизнинг Марказий Осиё маданий мероси дурдоналарига бағишланган китобларни биргаликда нашр этиш бўйича ташаббуси ғоятда аҳамиятлидир.
Айни пайтда, минтақа мамлакатларидаги архив ва кутубхоналарида кўплаб ноёб қўлёзмалар ва халқларимиз ёзма маданиятига оид дурдона асарлар, ёдгорлик мажмуалари сақланмоқда.
Мазкур қўлёзма ва артефактларни биргаликда ўрганиш асносида, бизнинг бой маданий меросимизни маҳаллий ҳамда хорижий мамлакатлари орасида кенг оммалаштириш мумкин.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон аллақачон китоб-альбомлар серияси, Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналарини нашр этиш бўйича ўзининг бой тажрибасига эга.
Бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг ташаббуслари доирасида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасини амалга ошириш йўлида жамоатчилик, давлат, халқаро ташкилотларнинг ушбу меросни сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлари бунинг ёрқин тасдиғидир.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сўнгги саммити натижалари шуни кўрсатдики, мамлакатлараро ривожланишда интеграциялашув зарурияти муҳимлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Қолаверса, минтақадаги тарихий, маданий ва фуқаролик меросини бир-биридан ажратиш ниҳоятда мушкул.
Сабаби, бу мулк Марказий Осиё маданий ва цивилизацион маконининг бутун аҳолисига тенг тегишли.
Ва буюк ёзувчи Чингиз Айтматов таъкидлаганидек: "Тарихий ҳамжамият, лингвистик ўхшашлик, умумий анъана ва урф-одатларнинг мавжудлиги бизга биргаликда яшаш ва бирдамликда янги дунёни, ягона цивилизацион жамиятни қуришда сон-саноқсиз имкониятлар беради"
Алишер Сабиров Марказий Осиё халқаро институтининг тарихий-маданий меросни ўрганиш ва гуманитар тадқиқотлар бўлим бошлиғи, тарих фанлари номзоди.