Марказий банк январь ойида 10 та банкка жарима қўллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2025 йилнинг январь ойидаги йиғилишларида (9 марта) 44 та масала кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 36 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (7 та), янги очилаётган микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатдан ўтказиш (11 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (2 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (1 та), тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (14 та) билан боғлиқ масалалар кўрилди.
Шу билан бирга, “START KAPITAL INVEST” кредит уюшмасининг тугатиш ишлари якунланганлиги муносабати билан ушбу кредит уюшмаси Кредит уюшмаларининг давлат реестридан чиқарилди.
Бундан ташқари, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 8 та масала – Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банклари, микромолия ташкилоти ва тўлов ташкилотларида ўтказилган ўрганиш ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя қилиниши ҳам муҳокама қилинди.
Марказий банк томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар, жумладан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва қонунчилик талабларига риоя қилинмаганлиги учун 1 та тўлов тизими оператори чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Шунингдек, амалдаги қонунчилик, Марказий банк томонидан ўтказилган ўрганиш ва инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар учун 10 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.