Хорижий мутахассиснинг республикага ташрифи дастури Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш маркази, UZINFOCOM Ягона интеграторида қатор расмий ҳамда маҳаллий компания ва “MUIC” резидентлари билан эса норасмий учрашувларни ўз ичига олди. У IT-соҳани ривожлантириш учун мамлакатда мавжуд имкониятлардан қандай фойдаланиш лозимлиги ҳақида ўз шахсий тажрибаси ва кузатувлари билан ўртоқлашди.
Таклиф этилган меҳмон Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент Ахборот технологиялари университети ва унинг Самарқанддаги филиалида маърузалар ўқиди. Бу билан АҚШ IT-компанияларининг экспертлари томонидан Ўзбекистондаги талабалар ва ишлаб чиқувчилар учун очиқ онлайн маърузаларни ифода этувчи “Silicon Valley Talks” ташаббуси давом эттирилди.
Ҳозирги шароит билан танишиб чиққан жаноб Рочман “Openbucks”нинг Ўзбекистон бозорига кириши истиқболларини жиддий кўриб чиқмоқда. Мутахассиснинг UzMobile вакиллари билан қизиқарли мулоқоти бўлиб ўтди. Ушбу мулоқотнинг амалий ҳамкорлик шаклида давом эттирилиши эҳтимоли бор.
Марк Рочман, “MUIC”нинг Кремний водийсидаги ва жаҳон IT-ҳамжамиятининг элчиси сифатида “MUIC” резидентларини АҚШда қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Тез орада Рочман компаниясининг Калифорниядаги офисида “Uzbekistan Work Space” пайдо бўлади ва резидентлар Кремний водийсига амалга оширган ишбилармонлик ташрифларида у ерда тўхташлари мумкин бўлади. Шунингдек, тадбиркор “Openbucks”нинг шерик ва мижозлари ҳисобланувчи хорижий компанияларни Ўзбекистонга жалб қилишни режалаштирмоқда ва республикамизнинг PayPal, App Store, Play Market, Google Pay каби рухсати бор тўлов тизимлари ва халқаро савдо майдонлари рўйхатига киритиш бўйича амалий ёрдам беради.
“Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази мамлакат IT-соҳасини жаҳон миқёсида илгари суриш мақсадида таниқли хорижий мутахассисларни жалб қилишни давом эттиради.